Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 22 декабрь куни пойтахтимиздаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараларини зиёрат қилди.

Олий мартабали меҳмонга зиёрат давомида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлик қилди.

Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараси пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари қадами узилмайдиган зиёратгоҳлардан бири саналади. Мустақиллик йилларида Шайх Хованди Тоҳур мажмуасидаги кўҳна қабристоннинг шимолида жойлашган ушбу мақбара қайта таъмирланди. Ҳудуд ободонлаштирилиб, зиёратчиларга қулайликлар яратилди.

Тўлабий Алибий ўғли дафн этилган бу мақбаранинг ҳар бир пишиқ ғиштлари, қўш қават гумбази тарихдан сўзлайди. Шайх Хованди Тоҳур бобомизни умри давомида элни тинчлик ва осойишталикка чорлаган инсон бўлганини яхши биламиз. Қозоқ элининг ардоқли фарзанди Тўлабий Алибий ўғли (Қалдирғочбий) ҳам ўз даврида халқларимиз ҳамжиҳатлиги йўлида кўп ишлар қилган. У ҳамиша одамларни бирдамлик ва одилликка чорлаган.

Халқларимиз булар каби аждодларимизнинг эзгу амалларини ҳеч қачон унутмаган, уларни ҳамиша ҳурмат билан ёдга олган. Бугунги кунда икки халқ бирдамлиги, ўзаро ҳакморлиги йўлида қилинаётган катта исоҳатлар узоқ тарих илдизларига, қадимий дўстлик ришталари сув ичган булоқларга бориб туташиши тилга олинди.

Ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.

 

Икром Аввалбоев, Аъло Абдуллаев(сурат), ЎзА