Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 21 декабрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Шу ўринда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик динамикасига тўхталиб ўтиш ўринли.

Қозоғистон ҳудудида Ўзбекистон резидентлари иштирокида 1 минг 400 дан зиёд корхона ташкил этилган. Қозоғистонда саноат кооперациясининг йирик лойиҳалари амалга оширилмоқда, хусусан, Костанай, Чимкент ва Туркистонда “Ravon” автомобилларини йиғиш, маиший техника ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ўзбекистонда эса Қозоғистон капитали иштирокидаги 1 минг 200 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Беш йил аввал бу кўрсаткич деярли 6 баробар кам эди. Фақатгина жорий йилнинг 9 ойида 130 қўшма корхона ташкил этилган.


И.АВВАЛБОЕВ, А.АБДУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА