Президент Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишди ҳамда фаоллар иштирокида йиғилиш ўтказди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти тизимидаги 18-автобус саройида бўлди.

Жамоат транспорти тизими ривожлангани шаҳар ҳаётининг энг муҳим жиҳатларидан бири. Лекин Тошкент шаҳрида бу соҳа ҳозирги ўзгаришлардан орқада қолмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда кўплаб турар жойлар қурилди, аҳоли сони ошди, шаҳар ҳудуди ҳам кенгайди. Пойтахтимизда кунига 1 миллион 300 минг йўловчи жамоат транспортидан фойдаланмоқда.

Бу талабга жавоб бериш учун “Тошшаҳартрансхизмат” тизимида автобуслар етишмаяпти. Борларининг ҳам кўпи эскирган. Шу сабабли йўналишларга режага нисбатан 90-100 та автобус кам чиқмоқда. Кўчаларда жамоат транспорти устуворлиги йўлга қўйилмаган. Буларнинг оқибатида йўловчилар автобусларни 20-30 дақиқагача кутишига тўғри келмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу ҳолатни кескин танқид қилиб, айниқса, ҳозиргидек совуқ кунларда бунга умуман йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Шу боис кучайтирилган тартибда ишлаб, энг оғир йўналишларга қисқа муддатда қўшимча автобуслар қўйиш бўйича топшириқ берди.

Бунинг учун хусусий корхоналар автобуслари ҳам жалб этилади. Уларга харажатларининг бир қисмини қоплаш учун давлат томонидан субсидия берилади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари автобуслар қатновига қўшимча қулайликлар яратади.

Қатновлар тезкорлиги ва хизмат сифатини таъминлаш, ҳайдовчиларнинг ойлик маошларини ошириш бўйича ҳам кўрсатма берилди.

Шу ерда Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш масалалари бўйича тақдимот ўтказилди. Қайд этилганидек, бу йил 277 та автобус ва электробус харид қилиниб, қатновга қўйилди. Автобуслар ҳаракати ва тўловлар тизими рақамлаштирилди.

Бугунги кунда “Тошшаҳартрансхизмат” тизимида 142 та йўналиш бор. Йўловчилар оқимининг кўпайиш прогнозидан келиб чиқиб, жамоат транспортининг 167 та йўналишдан иборат янги тармоғи шакллантирилган. Бу йўналишларни таъминлаш ва Тошкент шаҳрида жамоат транспортига бўлган талабни тўлиқ қондириш учун яна 1000 та катта сиғимли автобус зарур. Бу орқали автобусларнинг оралиқ интервалини 7-10 дақиқагача қисқартириш мумкин.

Президент автобус саройидаги транспортларни кўздан кечирди. Ушбу корхона 22 та йўналиш бўйича кунига 74 минг йўловчига хизмат кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари «Тошкент иссиқлик маркази» корхонасининг Чилонзор иссиқлик марказини бориб кўрди.

Ушбу мажмуа 1969 йилда қурилган. Қозонхона 700 Гкал қувватга эга. Марказ 921 та кўп қаватли уй ва 100 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик қуввати етказиб беради.

Сўнгги кунларда об-ҳавонинг кескин совиб кетиши оқибатида газ босимининг пастлиги кузатилмоқда. Бу иситиш даражасига салбий таъсир қилмоқда.

Чилонзор иссиқлик марказида ҳам ускуна ва тармоқлар эскирган. Иссиқликни узатишда йўқотишлар бор.

Шу боис бу борадаги зарурий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари иссиқлик ишлаб чиқаришнинг муқобил манбаларини излаш, қувурлар ва уйларда ҳароратни асраш зарурлигини таъкидлади.

Тошкент шаҳри туманларига электрда ишлайдиган 2 мегаваттли станциялар олиб келиб, қўшимча иссиқлик қувватлари яратиш таклифи маъқулланди. Бундай битта қурилма 1 минг 340 та хонадонга иссиқлик етказиб беради. Ишлаб чиқариш харажати камлиги эвазига нарх ошмайди.

Шавкат Мирзиёев кутилмаганда шу ердаги Ширин маҳалласини кириб кўрди. Аҳоли хонадонларида бўлиб, турмуш шароитлари, иссиқлик таъминоти билан қизиқди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Учтепа тумани Найман маҳалласидаги оилавий болалар уйи билан танишди.

Мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар алоҳида эътиборга олинган. Давлат томонидан берилган имтиёзлар натижасида бундай болаларни ўз бағрига олаётган оилалар ортиб бормоқда. Жумладан, 131 та оилавий болалар уйлари ташкил этилиб, 808 нафар ўғил-қиз тарбияга олинган.

Учтепа туманидаги мазкур оилавий болалар уйи ҳам шу борадаги ишларнинг мантиқий давомидир. 2 қаватли бино Миллий гвардия томонидан реконструкция қилиниб, 12 та оила учун шароит яратилган. Барча хонадонлар маиший техника, мебель ва хўжалик жиҳозлари билан таъминланган.

Президентимиз шундай оилалардан бири – Иномжон ва Дилдора Давлатовлар хонадонида бўлди. Улар 4 нафар етим болани ўз қарамоғига олган.

Болажонлар ўз оиласи бўлишини орзу қилгани, давлат эътибори билан бу орзуси ушалганини айтишди.

Ота-оналарнинг ўз фарзандлари ва тарбияга олинган болалар шу ердаги 238-умумтаълим мактабида таълим олади.

Мажмуада 2 та спорт зали, мини-футбол стадиони, ўйин ва воркаут майдончалари, ёзги саҳна, хиёбон ташкил этилган. Манзарали ва мевали дарахт ниҳоллари экилган. Мўъжазгина томорқада рўзғорбоп маҳсулотлар етиштирилади.

Давлатимиз раҳбари ўқув ва спорт тўгаракларини кириб кўрди, ёшлар билан суҳбатлашди.

Шу ерда Тошкент шаҳри туманларини маҳаллабай ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Ўтган 11 ойда пойтахтимизда 650 та лойиҳа амалга оширилиб, 30 мингта иш ўрни яратилган. Хусусан, Учтепа туманида янги тадбиркорлик субъектлари сони 1 минг 110 тага кўпайган.

Тошкентда савдо, саноат ва хизматларни ривожлантириш учун катта имкониятлар борлиги қайд этилди. Бундан тўла фойдаланиб, пойтахтни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш вазифаси белгиланди.

Президентимиз ижтимоий муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Пойтахтимизда 584 та маҳалла бор. Уларни обод қилиш, йўлларни яхшилаш бўйича кўп ишлар қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари навбатдаги режалар, аҳолининг талаб-истаклари юзасидан маҳалла раислари билан суҳбатлашди.

Улардан келиб чиқиб, 44 та ижтимоий объектни таъмирлаш, болалар боғчаси, поликлиника, истироҳат боғи ташкил этиш чоралари белгиланди.

Тошкент шаҳридаги 12 та иссиқлик марказининг барчаси 1968-1986 йилларда қурилган бўлиб, ускуналари эскирган. Шу боис, улардан 9 таси негизида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи замонавий марказлар ташкил этилади. Натижада пойтахтимизда ҳар йили қўшимча 3 миллиард киловатт-соатдан зиёд электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Янги йил байрами арафасида бозорларга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари