Тил — миллатнинг борлиги ва бойлиги, унинг мавжудлигини белгилайдиган асосий омил. Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир. Тил бор экан, миллат барҳаёт ва барқарор бўлади.

Давлатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги кенг нишонланаётган айни кунларда унда мустаҳкамланган ҳар бир норма ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланганини яна бир карра ҳис қиламиз. Жумладан, Бош қомусимизнинг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир», дея муҳрлаб қўйилган. Ушбу конституциявий қоида ўтган давр мобайнида ҳаётимизда, иш фаолиятимизда ўз бўй-бастини намоён этиб келмоқда. Тарихнинг суронли даврларида ҳам аслини йўқотмай, янада сайқалланган, буюк аждодларимиз, алломаларимиз қалами ва илмий-маънавий мероси қатларида бойитилиб келинган ўзбек тили давлат тили мақоми ила янада кўркамлашиб бораётир. Давлат тилининг умрбоқийлигини таъминлашда унга бўлган бугунги муносабатимиз ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

«Тил посбонлари» — тилимиз софлигини сақлашга кўмаклашади

Она тилимиз софлигини асраш, уни бойитиш барча йўналишдаги фаолиятимизнинг асосий омилидан бирига айланмоғи лозим. Зеро, давлат тили мавқейини янада мустаҳкамлаш, унинг софлигини сақлаш тобора долзарб масалалардан бирига айланмоқда.

Бу борада Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ўзининг Сайловолди дастурида муҳим мақсад-вазифаларни белгилаб, муайян ишларни, лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда кўнгилли талабалардан иборат «Ўзбек тилим – ўзлигим» шиори остидаги «Тил посбонлари» лойиҳаси ташкил этилиб, унинг доирасида қатор ўрганишлар йўлга қўйилган.

— Партиямиз давлат тилини асраб-авайлаш масалаларига мунтазам эътибор қаратиб келади, — дейди ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. — «Тил посбонлари» деб номланган лойиҳамиздан мақсад ҳам давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштириш, тил маданиятини, ўзаро муомала сифатини юксалтириш, кўчалар ва транспорт воситаларида жойлаштирилган ташқи ёзувларда, реклама ва эълонларда, методик қўлланмалар, дарсликлар, ўқув, бадиий, жумладан, болалар адабиётларида йўл қўйилаётган хатоликлар, ОАВда, оммавий муомалада адабий тил меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини олишдан иборат. Бунинг учун фаол талабалардан иборат жамоатчилик назорати гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу гуруҳлар 2022-2023 йил давомида 3 мавсумда мунтазам равишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўрганишлар олиб боради.

Лойиҳани турли босқич ва муддатларда амалга ошириш назарда тутилган. Масалан, октябрь-январь ойларида ташқи тарғибот воситалари, 2023 йилнинг январь-март ойларида босма ва электрон нашрлар, апрель-июнь ойларида эса бадиий ва болалар адабиётларини ўрганиш, адабий тил қоидаларига қай даражада амал қилинишини таҳлил этиш режалаштирилган. Шунингдек, «Тил посбонлари» гуруҳларининг ўрганиш натижаларини халқ депутатлари Кенгашлари сессиялари кун тартибига киритиш, шунингдек, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли идора ва ташкилотларга депутатлик сўровларини юбориш мақсад қилинган.

Ўрганишлар қандай натижа берди?

Давлат тилининг софлигини асраб-авайлаш, адабий тил қоидаларига амал қилиш она тилимиз боқийлигини таъминлайди. Шундай экан, кўчаларда, жамоат жойларида, тадбиркорлик объектларидаги реклама ва баннерлар, бинолар пешлавҳаларидаги ёзувларда тил қоидаларига оғишмай амал қилиниши долзарб аҳамиятга эга. Мавжуд хатоларни ўз вақтида бартараф этиш эса давлат тилига бўлган эътибор ва ҳурмат намунасидир.

Бу борада ЎзМТДПнинг «Тил посбонлари» лойиҳасининг амалий натижалари қандай? Ўрганишлар самарали натижа билан тугаяптими ёки шунчаки ўтказиляптими? Натижалар ҳақида партиянинг ёшлар масалалари бўйича бош мутахассиси Нодирбек Муродов қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Давлат тили бўйича ён-атрофимизда турли муаммолар, камчиликлар мавжудлиги сир эмас. Шу боис, «Тил посбонлари» лойиҳаси доирасида назорат тадбирларини амалга оширяпмиз. Бир ой давомида 6 та туманда ўрганишлар олиб бордик. 330 та тадбиркорлик объектлари ўрганилди, бу жараёнда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Хусусан, ташқи баннер ва эълонларда йўл қўйилган адабий тил қоидаларидаги хатоликларнинг 56 таси ўз вақтида тўғриланди, қолганларига огоҳлантириш хатлари берилди.

Ушбу лойиҳани амалга оширишимизда бизга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда ҳокимнинг тил масалалари бўйича маслаҳатчилари ёрдам берди. Шунингдек, олий таълим муассасалари билан ҳам ҳамкорлик қилиняпти. Чунки олийгоҳ талабалари лойиҳани амалга оширишда кўнгилли сифатида фаол иштирок этиб, кўмаклашмоқда.

Лойиҳамизнинг бир қисми сифатида ёшлар ўртасида ижтимоий сўров ҳам ўтказдик. 3 мингдан ортиқ талаба-ёшлар иштирок этган ижтимоий сўровимиз давомида уларнинг 90 фоизи турли хатоликлар билан ёзганига гувоҳ бўлдик. Демак, ёшларимиз ўртасида адабий тил қоидаларига амал қилиш борасидаги ишларимизни янада кучайтиришмиз зарурлиги, уларнинг саводхонлигини оширишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги англашилади, — дейди Нодирбек Муродов.

Дарҳақиқат, Бош қомусимизда муҳрланган давлат тили — ўзбек тилининг мавқейини ошириш ва у билан боғлиқ муаммо ва камчиликларни ҳал этиш, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни она тилимизга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялаш энг долзарб ҳаётий масалалардандир. Тилимиз софлигини сақлаш, уни бойитиш ва эъзозлаш, мавқейини баланд тутиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Баъзан кўз ўнгимизда ойнадек кўриниб турган ташқи ёзувлардаги хатоларга арзимасдек қараб ўтиб кетамиз, баъзан эса кўриб, кўрмаганга олишимиз ҳам рост. Аслида эса бу каби ҳолатларни бартараф этишда ташаббускор бўлишимиз, миллатимизга, тилимизга нисбатан дахлдорликни ҳис қилишимиз шарт.

Муҳтарама Комилова, ЎзА