Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтида «Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Хайрулло Ғаффоров Янги Ўзбекистон демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумеътироф этилган принцип ва нормаларга асосланганини таъкидлаб, конституциявий ислоҳотлар ҳақида тўхталди. Ҳар қандай Конституция ҳаётий бўлиши, мамлакатнинг ижтимоий ва ҳуқуқий воқеликларига, халқнинг орзу-умидлари ва келажак истиқболига, хусусан, замон талабига мос келиши лозимлигини қайд этди.

— Конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири аёллар ва қизларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада ривожлантиришдир, — деди давра суҳбатида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова. — Конституциямизга таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси норма ҳамда тамойилларига тўлиқ мос. Алоҳида эътироф этиш керакки, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг конституциявий қонун лойиҳасига расмий шарҳлари ва таклифлари олинди. Бугунги кунда сенатор ва депутатлар томонидан ҳудудларга чиқиб, ёшу кекса иштирокида қатор учрашувлар ташкил этилиб, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти бўйича тушунтириш ишлари олиб борилаётир. Бу эса янада пухта ва халқчил Қомус яратилишида муҳим.

Шунингдек, тадбирда Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Хўжаева, Асқар Ғафуров ва бошқалар Конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш жараёнлари, Конституциявий суд томонидан конституциявий назорат фаолиятининг амалга оширилиши борасида тўхталиб ўтдилар.

Тадбир давомида «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси» тўплами тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Тўплам ҳақида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов маъруза қилиб, институт томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз ҳақида билдирган фикр ва мулоҳазалари ифода этилган маърузалари ягона тўплам ҳолига келтирилганини таъкидлади.

Анжуман иштирокчилари ва экспертлар институт томонидан ишлаб чиқилган мазкур тўплам кенг жамоатчилик, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, олий таълим муассасаларининг талабалари, илмий тадқиқотчилар амалиётчи мутахассислар учун фойдали манба бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.

Муҳтарама Комилова, ЎзА