Ташқи ишлар вазирлигида “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонии топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Вазирлик маъмурияти, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этган тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов мустақиллигимиз рамзи бўлган Бош қомусимизнинг юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўзлади.

Вазирлик фаолияти ушбу фундаментал ҳужжат асосида ташкил этилган. Мамлакатимиз Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги янги сиёсий муҳит яратишга муваффақ бўлди. Дунёнинг қудратли давлатлари, турли даражадаги стратегик ҳамкорлар билан янгича амалий алоқа йўлга қўйилган.

Ўзбекистон бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг фаол аъзоси. Бу ижобий жараёнлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.

Ватанимиз Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан, шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз қаторида Президент Фармонига кўра, вазирликнинг бир гуруҳ ходимлари “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонига муносиб кўрилди.

Байрам айёми арафасида фаоллиги, ўз зиммасидаги вазифаларни сидқидил бажараётган, ташаббускор, Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган Марказий аппарат ходимлари ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз раҳбарларига Ташқи ишлар вазири номидан Ташаккурнома эълон қилиш тўғрисида бўйруқ имзоланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари А.Пайгамов иштирок этди.

С.Раҳимов,

Н.Ҳайдаров, ЎзА