Қозоғистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-лейтенант Султан Камалетдинов раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этиш учун мамлакатимизга етиб келди.

Юқори мартабали меҳмонларни Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Зокиржон Сайфуддинов ва Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Ҳасан Халилов кутиб олди.

7 декабрь куни Қозоғистон делегацияси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси фаолияти билан танишди. Меҳмонларни академияда мудофаа вазирининг Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев кутиб олди.

Кун давомида Қуролли Кучлар академиясида томонларнинг расмий учрашуви ва икки давлат ижодий гуруҳларининг концерт дастури бўлиб ўтди. Шунингдек, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари музейи бўйлаб экскурсия ва гул қўйиш маросимлари ташкил қилинди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментидан маълум қилинишича, 8 декабрь куни Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва ижодий гуруҳлари Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида бўлиб, муассасанинг ўқув-моддий базаси билан танишади. Шу куни “Халқлар дўстлиги” санъат саройи майдонида икки давлат ҳарбий ансамблининг қўшма концерт дастури бўлиб ўтади.

ЎзА