Вазирлар Маҳкамасининг “Товар-хом ашё биржаларининг фаолиятини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, товар-хом ашё биржаларида товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдолари билан шуғулланадиган брокерлик идораларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда биржа аъзоларига малака талабларини белгилашда бир қатор ўзгаришлар бўлади.

Хусусан, биржада товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдолари билан шуғулланиш учун талабгорларга қуйидаги малака талаблари белгиланади: 

талабгор биржа аъзоси сифатида аккредитациядан ўтган бўлиши; 

малака сертификатига эга бўлиши; 

олий маълумотга ёки товар-хом ашё биржаларида уч йиллик брокерлик иш стажига эга бўлиши; 

охирги уч йил давомида жиноий жавобгарликка тортилмаган бўлиши ёки суд ҳукми билан молиявий ташкилотларда мансабдор шахс лавозимларини эгаллашга тақиқ бўлмаслиги лозим. 

Савдо иштирокчиси фьючерс савдолари тўғрисидаги қонунчиликка ҳамда фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари ва фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибига, шунингдек, биржанинг бошқа ҳужжатларига риоя қилиши шарт.

Белгиланган тартибга мувофиқ махфий маълумотларни, фьючерс савдолари ҳамда тижорат сирини ташкил этувчи ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни махфий сақлаши шарт ва мижозларни чалғитиши мумкин бўлган ҳаракатларни содир этиш, шу жумладан, нотўғри ҳисоботлар ва маълумотларни тақдим этиш тақиқланади.

Биржа иштирокчиларининг қасддан қилинган ҳар қандай ҳаракатлари манипуляция деб ҳисобланади ва уларни амалга ошириш тақиқланади. Биржада сотилаётган юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотнинг нархига, талабига, таклифига ва уни етказиб бериш шартларига сунъий равишда таъсир этиш, шу жумладан, олдиндан келишиш ва тил бириктириш ҳолатлари орқали асоссиз фойда олиш, муайян иштирокчиларга савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш, шунингдек, ахборотдан фойдаланиш орқали бошқа иштирокчиларга маҳсулотни сотиб олиш имкониятини чеклаш, биржа нархларини кескин ошириш, катъий белгилаш ёки бир даражада ушлаб туриш, оммавий ахборот воситалари, интернет ва бошқа коммуникация каналларида, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ёлғон маълумотлар тарқатиш, биржа шартномаси бўйича йирик, яъни барча харидорларга савдоларда тенг қатнашиш имкониятини чеклайдиган лотлар белгилаш, бир хил маҳсулотлар сотувчилари томонидан белгиланган шартлардан сезиларли даражада фарқ қиладиган асоссиз тўлов ва етказиб бериш муддатлари ҳамда алоҳида шартлар киритиш ва биржа расмий веб-сайтига маҳсулотларни савдога қўйиш жадвалларини жойлаштирмаслик ва ҳоказо.

Савдо иштирокчисига товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларида иштирок этишга электрон биржа савдо тизимидан фойдаланган ҳолда рухсат берилиши мумкин. Бунинг учун ариза берувчи: товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдолари бўйича биржа аъзоси сифатида аккредитациядан ўтган бўлиши; биржа билан товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларини ўтказиш бўйича хизмат кўрсатиш шартномасини тузиши керак.

Аккредитациядан ўтказиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

ариза берувчи томонидан Низомда белгиланган талаблар бажарилмаса;

ариза берувчига нисбатан фаолиятни ёки фаолиятнинг айрим турларини тақиқлаш тўғрисида қонуний кучга кирган суд қарори мавжуд бўлса;

ариза берувчига ва (ёки) унинг биринчи раҳбарига нисбатан суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори (ҳукми) бўлса, унга асосан ариза берувчи ва (ёки) унинг биринчи раҳбари алоҳида ҳуқуқдан маҳрум этилган бўлса ва бу товар биржасида аккредитация олиш билан боғлик бўлса.

Биржанинг товар деривативлари, шу жумладан, фьючерс савдоларида иштирок этишга рухсат олиш, савдо иштирокчиси ва унинг мижозлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар мазкур Низомга, фьючерс савдоларини ўтказиш қоидалари ва фьючерс савдолари бўйича клирингни амалга ошириш тартибига, фьючерс контрактининг таснифига, улар ўртасида тузилган шартномалар ва битимларга мувофиқ тартибга солинади.


ЎзА