Самарқанд шаҳрида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташаббуси билан “Санитар тозалаш корхоналари учун замонавий техникалар, янги имкониятлар” мавзусида ўқув-амалий семинари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 ноябрдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, санитар тозалаш корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, ходимларда янги техникалардан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш мақсадида ташкил этилган семинарда қўмита масъуллари ва Самарқанд вилоятидаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси вакиллари, Самарқанд автомобил заводи ходимлари иштирок этди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Жамшид Эшжонов юртимизда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш ва санитария жиҳатидан тозалаш тизими инфратузилмасини ривожлантириш, бу орқали аҳолининг сифатли санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан таъминланганлик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– 2020 йил 17 апрелда Осиё тараққиёт банки Директорлар кенгаши томонидан “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳасини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасига 25 йил муддатга, 60 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз бериш маъқулланган, – дейди Ж.Эшжонов. – Лойиҳанинг умумий қиймати эса 112 миллион АҚШ доллари эквивалентини ташкил этади, шундан 52 миллион АҚШ доллари Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишдаги улуши ҳисобланади.

2020-2024 йилларга мўлжалланган лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар ҳудудларида қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш учун “Тоза ҳудуд” ДУКларига 12 метр куб ҳажмли 300 та махсус техника берилиши кўзда тутилган. Мазкур автотранспорт воситалари харида учун эълон қилинган халқаро тендерда “Самарқанд автомобиль заводи” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси ғолиб деб топилган эди. Шунга кўра, заводда ушбу лойиҳа доирасида юк кўтариш қуввати оширилган, юклаш манипуляторлари, орқани кўриш камералари, JPS ва масофани ҳисоблаш билан жиҳозланган махсус чиқинди ташувчи автомашиналарнинг янги авлоди ишлаб чиқарилди.

“Самарқанд автомобиль заводи” МЧЖ савдо ва сервис департаменти раҳбари А.Саидаҳмедовнинг таъкидлашича, лойиҳанинг биринчи босқичида жорий йилда корхона томонидан 144 та махсус чиқинди ташиш техникалари ишлаб чиқарилиб, ҳудудий санитар тозалаш корхоналарига етказиб берилади. Шу пайтгача республикамиз ҳудудларига 50 та машина етказилди ва “Тоза ҳудуд” корхоналарида иш бошлади. Бугун яна 15 та махсус машина Самарқанд вилояти “Тоза ҳудуд” корхоналарига берилмоқда. Лойиҳанинг иккинчи босқичида ҳудудий санитар корхоналарини яна 156 дона махсус чиқинди техникалари билан таъминлаш режалаштирилган бўлиб, бу иш 2023 йилда амалга оширилади.

Семинарда “СамАвто”да ишлаб чиқарилаётган чиқинди ташиш техникаларига ушбу завод ва унинг жойлардаги дилерлик ва сервис пунктлари орқали техник хизмат кўрсатилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Самарқанд автомобиль заводи” ўртасида ўзаро ҳамкорлик юзасидан меморандум имзоланди.

Тадбир қатнашчилари заводдаги ишлаб чиқариш жараёнлари ва янги техникаларнинг имкониятлари билан танишди. Шунингдек, “Тоза ҳудуд” корхоналари ходимларига янги транспорт воситаларидан фойдаланиш бўйича тушунча берилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА