Халқнинг мулки бўлган ер ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани сир эмас. Бу борада прокуратура органлари ўтказган назорат тадбирларида ўзбошимчалик билан эгаллангани аниқланган 3 минг 336 гектар ер майдонлари захирага қайтарилган. 35 минг 161 гектар ер майдонларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 987 та жиноят иши қўзғатилган.

Бу ҳақда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида ўтган прокуратура органлари ҳайъат йиғилишида қайд этилди.

Прокуратура органлари зиммасига ушбу масалада катта масъулият ва жавобгарлик юклатилгани масъулларга яна бир бор уқтирилди.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга оид вазифалар ижроси, айниқса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ишларига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида прокуратура органлари томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 116 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 217 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқаролар ва давлат манфаатларига етказилган 1,5 триллион сўмлик зарар ундирилган.

Бевосита прокурорлар саъй-ҳаракати билан қисқа муддатда 161 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилган. Қарийб 175 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 7 минг нафардан ортиқ тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тикланган. 25 минг нафардан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган.

Янги йил байрами кунларида аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бу борада деҳқон бозорлари ва ижтимоий соҳа объектларида савдо ярмаркаларини ташкил этишга доир вазифалар ижросини таъминлаш лозимлиги қайд этилди.

Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш борасидаги муаммолар ва йўл қўйилаётган хато-камчиликларни кескин танқид остига олди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини янада кучайтириш, вазиятнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашнинг барча чораларини кўриш зарурлиги қатъий таъкидланди.

Халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилди. Ҳисобот даврида 220 мингдан ортиқ мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва 40 минг нафардан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган.

Мурожаатлар билан ишлаш, фаолиятга ошкоралик бериш, қонун ижодкорлиги, прокуратура ишига рақамли технологияларни кенг жорий қилишга оид кўрилаётган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Ҳайъат мажлисида прокуратура тизимидаги органлар масъулларининг изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА