Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида 599 километр ички хўжалик йўллари мавжуд. 165 километр йўлга ўтган йиллар мобайнида асфальт ётқизилган. Умумий йўлнинг 294 километр қисмига шағал тўшалган бўлса, 140 километр йўл тупроқлигича қолмоқда.

Бухоролик йўлсозлар томонидан шу йил ёз ойида “Саришунгул” овул фуқаролар йиғини Насия кўчасида 400 метр, “Жана-жап” овул фуқаролар йиғини Алим овулида 1,2 километр, Водник маҳалласида 400 метр йўлга шағал ётқизилган. Хўжайли тумани маҳаллий йўлсозлари ҳамкорлигида марказий кўчалар асфальт қилинган.

Жумладан, Жайхун овули, Шуҳрат кўчасида 610 метр, Сувчилар кўчасида 800 метр, Сомонкўл овулининг Райҳон ҳамда Румий кўчаларининг ҳар бирида 900 метрдан, Ангар овулида 700 метр йўл қайта қурилиб, кенгайтирилган,  шағал ётқизилган.

Худди шундай, бухоролик йўлсозлар меҳнати билан Сомонкўлдаги Афғон қишлоғининг рақамланган 4- кўчасида 1260 метр, 5-кўчасида 495 метр, 6-кўчасида 170 метр, 7-кўчасида 475 метр, 8-кўчасида 375 метр, 9-кўчасида 320 метр ички тупроқ йўлга шағал ётқизилган. 4 километр йўл янгидан қурилган.

Биргина жорий йил июнь ойида амалга оширилган йўл қуриш ва таъмирлаш ишлари натижасида ҳудудда жами 7 минг метр йўл кенгайтирилди. Худди шундай, бухоролик йўлсозлар томонидан “Сомонкўл” овул фуқаролар йиғини, Афғон ҳамда Онгар овулларида алоҳида рақамланган 1-5 кўчанинг ҳар бирида 270 метрдан, жами 1 минг 260 метргача, умумий масофаси 4 минг метр йўлга шағал ётқизилган. “Жайхун” ОФЙ даги Румий, Райҳон, Шуҳрат ва Сувчилар кўчаларининг умумий 1,5 километр йўл қисми таъмирдан чиқарилиб, шағал ётқизилган.

– Бир муддат қисқа танаффусдан сўнг жамоамиз – ўн нафар мутахассис ҳамда тасарруфимиздаги ўнга яқин автосамосваль, шунингдек, автогрейдер, каток, экскаватор, сув ташишга мўлжалланган махсус техника ва механизмлар билан яна Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида йўл қурилишини давом эттирмоқдамиз, – дейди Бухоро вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси бош муҳандиси Нодир Болтаев. – Ёз ойларида қарийб 12 километр ички хўжалик тупроқ йўлига шағал ётқизилиб, фойдаланишга топширган бўлсак, мазкур ноябрь ойи сўнгги ҳафтасида умумий узунлиги 2470 метр йўл асоси кенгайтирилди. Шағал тўшалиб фойдаланишга топширилди. Бунинг учун 460 миллион сўм маблағ сарфланди. Жорий йил якунига қадар туманда 21,7 минг метр йўлни рисоладагидек таъмирлаш ва шағал тўшаш  режалаштирилган.

Шу кунга қадар йўлсозлар “Саршингул”, “Кумбил”, “Кўлоб”, “Тонг нури” овул фуқаролар йиғинлари, шунингдек, “Водник” аҳоли массивида иш олиб борган бўлса, шу кунларда “Кўлоб” МФЙ нинг Мўйноқ, Сунбула, Тозабоз, Қумбул кўчаларига шағал ётқизиш давом этмоқда.

 

Зариф Комилов,  

ЎзА