Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида «Матонат. Машаққатли ғалаба» номли ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтди. Фильм футбол бўйича «Матонат» ногирон-ампутантлар жамоаси ҳақида бўлиб, унда жамоа аъзоларининг матонат, сабр ва ирода билан ўзини намоён этиб келаётгани, уларнинг ўй-кечинмалари, улкан мақсадлари намойиш этилган.

«Матонат» ногирон-ампутантлар футбол жамоаси 1988 йилда «Матонат футбол» ногирон-ампутантлар футболини ривожлантириш маркази қошида ташкил этилган. Жамоада турли сабаблар билан оёғидан, қўлидан ажралиб, ногирон бўлиб қолган йигитлар ўз устида ишлаб, нималарга қодир эканликларини кўрсатиб келишади. Буни ўтган даврдаги натижалардан ҳам англаш мумкин. Жамоа 1990 йилда АҚШда, 1991 йил Ўзбекистонда, 2007 йилда Туркияда, 2010 йилда Аргентинада, 2012 йилда Россияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон номининг баралла янграшига эришган. Бу юксак натижалар туфайли «Матонат» ногирон-ампутантлар футбол жамоаси ушбу йўналишдаги футбол тарихида совриндор жамоага айланди.

Ҳужжатли фильм премьерасида ҳомий Infinbank бошқарув раиси биринчи ўринбосари Олга Нўъманова, Бахтиёр Жўраев, «Матонат» ногирон-ампутантлар футболини ривожлантириш маркази раҳбари Рустам Меҳмонов, жамоа таъсисчиси Одил Зуфаров ва бошқалар сўзга чиқиб, жамоа аъзоларининг фаолияти хусусида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

— Фильмда жамоадаги йигитларнинг бошидан кечирганлари, туйғулари, ҳиссиёт ва таассуротлари, ҳаёт ҳақиқатларини томошабинга етказиш мақсад қилинган. Қаҳрамонларнинг ҳикояси томошабинни беэътибор қолдирмайди. Чунки унда ҳаёт зарбаларига қарамай, улкан натижа кўрсатган, шахсий турмушини йўлга қўйган ҳақиқий матонат эгалари гавдаланади,  — дейди ҳужжатли фильм режиссёри Комил Шарафиев.

Дарҳақиқат, фильмда «Матонат» клубининг матонатли аъзолари бўлган Зоҳидхўжа Тошхўжаев, Нуриддин Турсунов, Улуғбек Тошпўлатов, Умид Абдухалилов ва бошқалар ўз кечинмаларини сўзлар экан, ҳар қандай ҳолатда ҳам тушкунликка тушмаслик, сабр қилиш, ҳаракатдан тўхтамаслик, оила қуриш ва фарзандли бўлиш лозимлигини таъкидлайди.

Ушбу ҳужжатли фильм ҳаёт,  бу — ҳаракат, сабр-матонат, олдинга интилиш эканлигини, бир жойда тўхтаб қолмаслик зарурлигини яна бир карра англатади.

Муҳтарама Комилова, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА