Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ва Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонликларининг ҳаво хужумидан мудофаа бўлинмалари “Нукус” умумқўшин полигонида икки ҳафталик дала чиқишида иштирок этиб, касбий малака ва соҳа бўйича маҳоратини оширди.

Округ ҳаво хужумидан мудофаа бўлими назорати остида ўтказилган дала чиқишида Нукус ва Урганч гарнизонларидаги ҳаво хужумидан мудофаа бўлинмалари иштирок этди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Ўқув-йиғини назарий ва амалий қисмлардан иборат бўлиб, унда қуруқликдаги қўшинлар ҳаво хужумидан мудофаа бўлинмаларини авиациянинг интенсив учиш ҳудудларида жанговар вазифаларни бажариш ҳамда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга ўргатиш мақсад қилинган.

Йиғин доирасида ҳар бир иштирокчи амалий машғулотларга киришишдан аввал қуруқликдаги қўшинлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тўсиқли йўлагидан ўтди. Сунъий тўсиқлардан иборат йўлак ҳарбий хизматчиларнинг ирода ва матонатини синашнинг самарали усули ҳисобланиб, жисмоний имкониятларини намойиш этишга хизмат қилди.

Машғулотлар давомида бўлинмалар қўмондонлик пунктлари, ҳаво хужумидан мудофаа бошқарув пунктлари, шунингдек, асосий кучлардан алоҳида жойлашган зенит бўлинмаларининг ўт очиш позицияларини танлаши, жиҳозлаши, уларни мудофаа этиши ва қўриқлашни ташкил этиши каби масалалар кўриб чиқилди. Ўзаро ҳамкорликда ажратилган само ва ер сарҳадларидаги ҳудудларни ҳимоялаш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди.

Бўлинмаларни  бирдамликда ҳаракат қилиш, кучли эмоционал ва стресс ҳолатларида вазифаларни бажаришга ўргатиш, касбий малака ва маҳоратини юксалтиришга хизмат қилган дала чиқиши давомида жанговар руҳ ва ахлоқий-руҳий фазилатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғин давомида мутахассислар билан ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмалари ҳамда штатдаги ўқотар қуроллардан фойдаланиш, уларни қисмларга ажаратиш ва йиғиш, шахсий ҳимоя воситаларини қўллашдан иборат бўлган жамоавий эстафета мусобақаси ташкил этилди. Эпчиллик, шижоат ва тезкорликни талаб этган беллашувда жамоалар юқори натижаларни, профессионал маҳорат ва жамоавий бирдамликни намоён этди.

Дала чиқишининг амалий қисмида қуруқликдаги қўшинлар ҳаво хужумидан мудофаа бўлинмалари билан якка ва ҳамкорликда зенит қурилмаларидан позицияларни алмаштирган ҳолда нишонларга қарата ўқ отиш машқлари ўтказилди. Амалий машқлар эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар театрининг ўзига хослиги, ҳудуд ва рельефни инобатга олган ҳолда ниқобланиш шартларини бажарган ҳолда ташкил этилди.

Кичик командирларнинг ностандарт вазиятларда мустақил равишда ўт очиш ва жанговар ишлаш бўйича назарий билим ва амалий кўникмалари оширилди. Дала чиқишида асосий эътибор кичик командирларнинг бошқарувчанлик қобилиятини юксалтириш, соҳа бўйича зарур билим ва кўникмаларни эгаллаш ҳамда касбий маҳоратини оширишга қаратилди.

ЎзА