Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати ўртача глобал кўрсаткичга нисбатан тезроқ исиши кузатилмоқда. Охирги ўттиз йилда ўртача йиллик ҳарорат 0,5 даражага кўтарилган, 2085 йилга келиб 5,7 даражагача ошиши тахмин қилинган. Экстремал об-ҳаво ҳодисалари ва офатлар тезлиги жисмоний хавфсизлик, муҳим инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларига таҳдид соляпти.

Мазкур муаммоларни ҳал этиш йўлини топиш мақсадида 2022 йил 2 декабрь куни Тошкент шаҳрида “Глобал билимлардан маҳаллий ечимларга: Марказий Осиёдаги иқлимга чидамли институтлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

БМТ Тараққиёт дастури, Германия ҳукумати (GIZ), Ўзгидромет, Ташқи ишлар, Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари билан ҳамкорликда ташкил этилган нуфузли тадбирда юздан зиёд делегат экологик таҳдидлар бўйича мулоҳаза юритди, таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.

– Конференция Марказий Осиёда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослаштириш бўйича халқаро ташкилотларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари намунасини кўрсатади, – деди БМТ ТДнинг мамлакатимиздаги доимий вакили Матильда Димовска. – Ҳеч бир миллат ёки ташкилот якка тартибда самарали фаолият юритиш ва ҳисса қўшиш имконига эга эмас. Шу боис биргаликда ишлаш орқали инсоният учун мавжуд таҳдидларни енгишимиз мумкин.

Анжуманда бугунги кунда ҳар ўнта табиий офатдан тўққизтаси иқлим билан боғлиқ экани маълум қилинди. Иқлим ўзгариши маҳаллий ва минтақавий иқтисодиётга таъсир кўрсатиши мумкин, чунки ресурсларнинг ҳаддан ташқари ишлатилиши ва етишмаслиги қишлоқ хўжалиги, энергетика каби асосий тармоқларга зарар етказиши табиий.

Иштирокчилар иқтисодиётнинг заиф қатламлари ўртасида иқлим ўзгариши ва барқарорлик масалалари бўйича минтақавий мулоқот ва хабардорликни оширишга эътибор қаратди. Марказий Осиёнинг трансчегаравий ҳудудларида иқлим билан боғлиқ эрта огоҳлантириш ва олдини олиш чораларини жамоатчилик асосида кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё  мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон иқлим ўзгаришига мослашиш ва табиий капиталга асосланган яшил ўсишга эришишда сезиларли ютуққа эришгани айтилди. Биламиз, ушбу давлатлар табиий ресурсларни трансчегаравий бошқаришда иқлим ўзгаришига чидамлилигини юмшатиш ва мослаштириш бўйича тармоқлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббуси билан чиққан.

БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бир кунлик тадбирни Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида “Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва барқарорлик” лойиҳаси доирасида ҳамда Германия томонидан молиялаштирилган “Яшил Марказий Осиё” GIZ ташаббуси – атроф-муҳит, иқлим ва сувга чидамлиликни ошириш билан яқин ҳамкорликда ташкил этди. “Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва барқарорлик” лойиҳаси Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги трансчегаравий ҳудуд бўлган Фарғона водийсида барқарорлик ва иқлимга чидамли ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Лойиҳа доирасида юқори бошқарувга бағишланган турли тренинглар ташкил этилди. Фарғона водийсидаги иқлим беқарорлиги, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тегишли мослашув чоралари хавфи ўртасидаги боғлиқлик тўғрисида соҳа мутахассислари хабардорлигини ошириш мақсадида базавий тадқиқотлар ўтказилди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида учта дарё ҳавзаси тажриба сифатида танлаб олинди ва Фарғона вилоятида барқарорликни таъминлаш мақсадида иқлим билан боғлиқ мавжуд хавфлар киритилди.

Мулоқот чоғида, шунингдек, Фарғона водийсининг миллий қисмида сув ресурсларидан барқарор фойдаланишни яхшилаш учун дарёлар ҳавзасини бошқариш режаларини такомиллаштириш асосий тадбирлардан бири экани қайд этилди.


Беҳруз Худойбердиев,

Муҳаммад Амин (фото), ЎзА