Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм каналида “Имконияти чекланган шахслар муаммоси қай даражада ҳал этилмоқда?” мавзусида бўлиб ўтган овозли чатда кузатувчилар томонидан берилган саволларга Ўзбекистон ногиронлар жамияти марказий бошқарув раиси Комил Абдуллаев жавоб берди.

— Ногиронлиги бор шахсларни имтиёзли уй-жойлар билан таъминлаш борасида қандай ишлар йўлга қўйилган?  

— Уй-жойга муҳтож ногиронлиги бор шахслар рўйхати ҳар бир туман ҳокимлигида туради. Бу тоифадаги шахслар “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган рўйхатлар орқали шаклланади. Уларнинг яшаш шароити чуқур ўрганилиб, ҳақиқий муҳтожларга уй-жой берилади.

Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 727 нафар ногиронлиги бўлган шахс имтиёзли уй-жой билан таъминланди. Уй-жойга муҳтож ногиронлиги бор шахслар эҳтиёжини ҳисобга олиб, 2023 йилдан бошлаб ижтимоий уйлар қурилишини кўпайтириш назарда тутилган.

Аммо имтиёзли уйлар бериш масаласида муаммолар ҳам йўқ эмас. Кўпинча ногиронлиги бўлган шахслар имтиёзли уй-жойга тўланадиган бошланғич суммани ҳам ойлик тўловга қўшиб юборилса, қулай бўлиши юзасидан таклифларини билдиришади. Келгусида бу таклиф ҳам инобатга олинса, имконияти чекланган инсонлар учун яхши бўлар эди.

—  3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан юртимиздаги имконияти чекланган шахсларга тилакларингиз.  

– Ҳамма қатори ногиронлиги бор шахсларнинг ҳам орзу-ҳаваслари бисёр. Улар ҳам орзуларига етишишни исташади. Ниятим имконияти чекланган инсонлар кўчаларда юрганда бемалол ҳаракатлансин. Бошқалар қатори тўй-томошалар қилиб, ўғлини уйлантириш, қизини узатиб, неваралар кўриш насиб қилсин. Қаерда ишламасин иш ҳақларини олишларида, ишга киришда ҳам ҳеч қачон тўсқинликлар бўлмасин. Ўзбекистон ногиронлар жамияти томонидан барча юртдошларимга соғлик-омонлик тилайман.

Нигора Раҳмонова,  

Нишонбой Абдувоитов(видео), ЎзА