Мексиканинг Канкун шаҳрида Халқаро нотариуслар иттифоқи Бош ассамблеяси ҳамда 30-Халқаро нотариуслар конгресси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон делегацияси илк бор иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон бундан бир йил муқаддам – 2021 йил 3 декабрь куни Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзоликка қабул қилинган.

Канкун шаҳрида бўлиб ўтган 30-Халқаро нотариуслар конгрессида Ўзбекистон Нотариал палатаси Халқаро нотариуслар иттифоқининг 91-аъзоси этиб қабул қилингани расман эълон қилинди ва мадҳиямиз садолари остида Ўзбекистон байроғи кўтарилди.

– Бу Янги Ўзбекистоннинг нафақат барча нотариуслари учун, балки бутун Ўзбекистон халқи учун катта ғурур ва ифтихордир, – дейди Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров. – Бу воқеа ислоҳотлар тўғри амалга оширилаётганининг тасдиғи, десак асло муболаға бўлмайди.  Ўзбекистон байроғи Конгрессда иштирок этаётган 90 дан ортиқ давлат вакиллари томонидан тик турган ҳолда, олқишлар билан кутиб олинди.

Конгрессда Ўзбекистон делегацияси раҳбари Д.Ашуров Янги Ўзбекистоннинг нотариати ҳақида тақдимот қилиб, нутқ сўзлади.

Конгрессда Ўзбекистон делегациясига Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзолик нишони тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон нотариал палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, айни вақтда Ўзбекистон делегацияси турли учрашув ва тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Хитой, Япония, Аргентина, Мексика, Литва, Эстония ва бошқа давлатлар делегациялари билан алоҳида учрашувларда келгусида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Айтиб ўтиш керакки, нотариат соҳасида 2017 йилда бошланган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда. 2020 йил 22 январда ташкил этилган палата шу кунгача 928 нафар хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларни ўз аъзолигига қабул қилган.

Халқаро тажрибани ўрганган ҳолда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими яратилиб, нотариат соҳаси тўлиқ рақамлаштирилди. Мазкур тизимига 15 дан ортиқ турли давлат идоралари интеграция қилинди.

Ушбу тизим туфайли барча маълумот алмашиш “Ягона дарча” тамойили остида электрон тарзда амалга оширилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА