Мамлакатимизда 1999 йилда таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти баркамол, оқила хотин-қизларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хотин-қизларнинг адабиёт, санъат, спорт, фан ва маданият каби соҳаларни ривожлантиришдаги ютуқлари, ибратли фаолияти, кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг икки нафардан вакиласи юксак мукофот билан тақдирланиши анъанага кирган.

Зулфия номидаги давлат мукофотининг Наманган вилояти босқичида шаҳар ва туманларда ғолибликни қўлга киритган 97 нафар иқтидорли қиз иштирок этди.

Танлов иштирокчиларининг халқ амалий ва тасвирий санъати, ҳунармандчилик маҳсулотлари намуналаридан иборат кўргазмаси ташкил этилди.

– Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Зулфияхоним издошларини саралаш жараёнлари янги мезонлар асосида ўтказилмоқда, – дейди Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Динара Якубова. – Ҳозирга қадар вилоятимиздан 30га яқин қиз Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган. Улар турли жабҳаларда самарали фаолият олиб бормоқда.

Бу йил танловнинг шаҳар ва туманлардаги ҳудудий босқичларида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 800га яқин номзодлар қатнашди. Вилоят босқичида иштирок этган оқила, доно ва зукко қизлар орасидан 21 нафари адабиёт, санъат, маданият, фан, таълим, спорт ва жамоатчилик йўналишлари бўйича вилоят босқичи ғолиблари сифатида эътироф этилди.

Комиссия аъзолари томонидан номзодларнинг ижодий ишлари, илмий изланишлари, ютуқлари белгиланган меъзонлар асосида баҳоланиб, иштирокчилар орасидан юқори кўрсаткичларга эришган, эътирофли ютуқ ва марраларни қўлга киритган, ибратли жамоатчилик ишлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган, ноёб истеъдоди ва иқтидори билан ном қозонган ёшлар сараланди.

– Танлов қувончга тўла ва ҳаяжонли ўтди, – дейди Тўрақўрғон туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Мадина Каримжонова. – Болалар мусиқа ва санъат мактабига икки йилдан буён қатнайман. “Ёшлар овози” танловининг Республика босқичига чиқдим. Мақом санъатига меҳрим баланд. Шу боис Навоий бобомизнинг “Эй сабо” ғазалига куйланган мақом ашуласини ижро этдим. Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар сафида эканлигимдан хурсандман. Бу мени келажакда бундан-да катта ютуқларга ундайди.

 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА