“Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси марказий лабораториясида инновацион технологияларни ишлаб чиқариш, жорий қилиш ва илмий тадқиқот сектори ходимлари лаборатория шароитида ош содаси маҳсулоти намунасини олишга муваффақ бўлди.

Корхонада мавжуд имкониятлар ва хом ашёлардан самарали фойдаланган ҳолда энг тежамкор, иқтисодли, инновацион усулда, импорт ўрнини босувчи натрий гидрокорбанатнинг GOST 2156-76 га мос келувчи ош содаси намунаси олинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 20 майдаги “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида 2022-2025 йилларда кальцийланган сода ишлаб чиқаришни йилига 250 минг тоннага етказиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ички ва ташқи бозорда барқарор талабга эга бўлган кальцийланган сода маҳсулотини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, кимё саноатининг экспорт салоҳиятини янада ошириш ва янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда тасдиқланган “Ўзкимёсаноат акциядорлик жамияти ташкилотлари томонидан 2023-2026 йилларда амалга ошириладиган инновацион лойиҳаларнинг “Йўл харитаси”да лаборатория шароитида техник кальцинацияланган содадан истеъмол сода олиш вазифаси белгиланган эди.

– Мамлакатимизда ош содасига бўлган талаб юқорилигини ҳисобга олсак, уни ўзимизда ишлаб чиқариш долзарб вазифалардан бири, – дейди корхонанинг инновацион технологияларни ишлаб чиқариш, жорий қилиш ва илмий тадқиқот сектори мудири Айсултан Қурбанова. – Мамлакатимизда ушбу маҳсулотга бўлган йиллик талаб 8 минг тоннадан зиёдни ташкил этса, шундан 6 минг тоннадан зиёди импорт қилинади. Бу маҳсулот асосан, озиқ-овқат саноатида, фармацевтика маҳсулотлари, чорва озуқасида ва бошқа соҳаларда кенг фойдаланилади. Ҳисоб-китобларимизга кўра, корхонамизда йилига 10 минг тоннага яқин ош содаси ишлаб чиқариш имкони мавжуд. Бу эса, ички бозорни тўла таъминлаб, кейинчалик экспортга чиқариш мумкин. Энг асосийси, маҳсулот ишлаб чиқаришда ташқаридан хом ашё талаб қилинмайди ва аҳоли учун янги иш ўринлари яратилади.

Корхонанинг инновацион технологияларни ишлаб чиқариш, жорий қилиш ва илмий тадқиқот сектори мутахассисларининг изланишлари натижасида лаборатория шароитида олинган янги маҳсулот намунаси келажакда ишлаб чиқаришга жорий этилиб, мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишига, аҳолининг ушбу маҳсулотга бўлган талабини қаноатлантиришга хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА