Ранглар инсоннинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Боиси, ранг ва жило инсон дидини шакллантиради, унинг кайфиятига таъсир кўрсата олади. Қолаверса, ранг ижтимоий ва иқтисодий ўсиш жараёнига ҳам таъсир кўрсатади.

Эътиборли жиҳати, ҳар йили турли ранглар урфга кириб, нафақат мода оламига, балки ишлаб чиқариш, қадоқлаш сингари кўплаб йўналишларга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Айниқса, санъатшунослар, хотин-қизлар келаётган йилда қайси ранг урф бўлишини олдиндан билишни истайди.

Ана шундай қизиқувчилар учун “Pantone” ранг институти муҳим маълумотни эълон қилди. “Pantone 18-1750 Viva Magenta” – кармин қизил 2023 йил ранги сифатида эълон қилинди.

“Pantone 18-1750 Viva Magenta” қизиллар оиласидан келиб чиққан ва энг қимматли табиий бўёқ бўлиб, дунёга маълум энг кучли ва ёрқин бўёқлардан биридир”, – дейди институт ижрочи директори Леатрис Эйземан. – Шунингдек бу ранг “кучли, қўрқмас ва илҳомлантирувчи”, дея таърифланади.

“Бу янги қизил ранг қувончдан завқланиш, тажриба ва ўзини чексиз ифода этишга ундайди”, дейилади нашрда.

Маълумот ўрнида айтиш керак, йилнинг “Pantone” рангини танлаш жараёни тренд таҳлилини талаб қилади. Мутахассислар янги рангли ечимлар излаш учун дунёни ўрганади. Бу кўнгил очар тадбирлар, кино саноати, бадиий тўплам ва ривожланаётган рассом, мода, дизайннинг барча соҳалари, машҳур саёҳат йўналишлари, шунингдек, бутун сайёра ҳаётидаги янги тенденцияни ўз ичига олиши мумкин. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий шароит ҳам таҳлил қилинади.
Йилнинг “Pantone” ранги кўплаб соҳалар, жумладан, мода, уй жиҳози ва саноат дизайни, маҳсулотни қадоқлаш ва графикали дизайн, маҳсулотни ишлаб чиқариш ва сотиб олишга ҳам таъсир қилади.

Г.Сатторова,
ЎзА