Тошкентда жорий йил 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари “Ипак йўлида туризм – 2022” халқаро туризм ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда Бухоро вилоятидан 100 га яқин меҳмонхона, 30 дан ортиқ туристик компаниялар ва овқатланиш шохобчалари, дам олиш масканлари вакиллари, ҳунармандлар ва музейлар, дам олиш масканлари қатнашди.

Ярмаркада Россия, Индонезия, АҚШ, Исроил, Малайзия каби давлатлар билан келишув ва шартномалар имзоланди.

– Маҳаллий ҳамда хорижий ҳамкорлар билан янги-янги ғоя ва лойиҳалар муҳокама қилиниб, бир қатор келишувларга эришилди, – дейди вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Сухроб Бобокалонов.  – Бошқарма томонидан ҳам Бухоронинг туризм салоҳияти фаол тарғиб қилинди. Жумладан, Тожикистон, Туркманистон, Беларусь Республикаси ҳамда АҚШ даги туристик компаниялар билан музокаралар олиб борилди. Унда Бухорода сўнги йилларда ташкил этилган туристик йўналишлар ва янги инфратузилмаларнинг қўшни ва хорижий давлатлар тур компаниялари тур пакетларига киритилиши, чартер, Жакарта-Бухоро, Бухоро-Жидда рейсларининг йўлга қўйилиши (бу бўйича Бухородаги “Toureast” туристик компанияси Қозоғистондаги “Air charter servis” билан шартномалар имзолади) бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, республиканинг етакчи туристик корхоналари билан 2000 га яқин битим келишувлар имзоланди. Биргина меҳмонхоналар мисолида оладиган бўлсак, Бухородаги “Caravan Plaza” меҳмонхонаси (бир мавсумнинг ўзида) 500 минг АҚШ долларлик, “Sahid Zarafshon” меҳмонхонаси 700 минг АҚШ долларлик, шунингдек, “Aziya Bukhara”, “Orient Star Varaxsha” меҳмонхоналари ҳам 300 минг АҚШ долларлик шартномалар тузишга эришди. Умумий ҳисобда Бухоронинг 80 дан ортиқ жойлаштириш воситалари 42 миллион АҚШ долларлик шартномалар имзолади. Бундан ташқари, Бухоро туманидаги “Sheyxan” этно уйи, Ромитандаги “Bukhara Desert Oasis&Spa” туристик кластери, Тўдакўл сув ҳавзасидаги “Tudakul Resort” дам олиш маскани раҳбарлари умумий ҳисобда 1 миллион 325 минг АҚШ долларига тенг шартномаларни имзолаган.

Бухоро вилоятининг “Ипак йўлида туризм – 2022” Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида имзоланган  келишувлари суммаси салкам  80 миллион АҚШ долларни ташкил этмоқда. Шунингдек, “Caft fair Uzbekistan” халқаро ҳунармандчилик кўргазмасида Бухоро вилоятидан кандакорлик, заргарлик, зардўзлик, қоракўл тери, каштачилик, миллий либослар, пичоқчилик, миниатюра санъати, кулолчилик, патдўзлик йўналишлари бўйича 14 нафар ҳунарманд иштирок этди. Унда  ҳам бир қатор шартномалар имзоланди. Бухоро давлат музей-қўриқхонаси томонидан ҳам республика ва хорижий давлатлар ташкилотлари билан 300 га яқин шартнома имзоланди.

 

Зариф Комилов, ЎзА