Сўнгги пайтларда “онлайн қимор”, яъни Интернет тармоғида қимор ва таваккалчиликка асосланган турли кўринишдаги ўйинлар кўпайиб, айрим фуқаролар охир-оқибатини ўйламай, унинг домига тушиб қолмоқда.

Маълумотларга кўра, бу ўйинлар билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 55 та, 2020 йилда 86 та, 2021 йилда 103 та, 2022 йилнинг 6 ойида 90 тани ташкил этган. Мутахассисларнинг фикрича, бундай ўйинлар инсонда қарамликни вужудга келтириб, катта миқдордаги пул маблағларини сарфлаши, айрим фуқароларнинг ўз жонига қасд қилиш, фирибгарлик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш каби ҳаракатлар содир этишига сабаб бўлмоқда.

“Онлайн қимор”да ютқазганлиги сабабли 2021 йилда 6 нафар ва 2022 йилнинг 6 ойида 6 нафар фуқаро ўз жонига қасд қилиб, вафот этган. Уларнинг барчаси 25 ёшгача бўлган ёшлар эканлиги янада ачинарли. Бу рақамлар ушбу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриш зарурлигини кўрсатади.

Шу мақсадда ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳасида Интернетда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгилаш масаласи ўз аксини топган. Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексига киритилаётган ўзгаришларга кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш, ўтказиш ёки уларда иштирок этиш учун телекоммуникация тармоқлари ёхуд Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш БҲМнинг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолашга сабаб бўлади.

Шунингдек, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчаларга кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни, шу жумладан уни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситаларини мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг юз баравари, мансабдор шахсларга эса – икки юз баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда мазкур қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарда кўриб чиқилмоқда.

 

М.Комилова, 

ЎзА