Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳинур Имомова иштирокида брифинг ташкил этилди.

Қайд этилишича, маҳаллий ҳокимликлар томонидан 629 та объектни Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритиш бўйича таклиф берилган. Мазкур объектларнинг маданий қиммати ва тарихийлиги ўрганиб чиқилмоқда.

Маданий мерос агентлиги ишчи гуруҳи томонидан ҳудудлардаги маданий мерос объектлари ҳолати ва муаммолари ўрганилган ва уч тоифа (авария, таъмирталаб ва қониқарли ҳолат)га ажратилган. 2023 йил учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда маданий мерос объектларини реставрация, консервация қилиш ҳамда ободонлаштириш бўйича лойиҳалар рўйхати шакллaнтирилган.

Маданий мерос агентлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан тақдим этилган тарихий-маданий экспертиза хулосалари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилган. 1 минг 407 та тарихий-маданий экспертиза хулосалари агентликнинг Илмий-эксперт кенгашида ўрганиб чиқилади.

Маданий мерос объектларида давлат назоратини олиб бориш юзасидан 2 минг 208 та объектда мониторинг олиб борилган. Шунингдек, 2023 йил давомида асрашга доир ишлар амалга ошириладиган 58 та маданий мерос объектининг манзилли рўйхати тасдиқланиб, уларни реставрация қилиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Бугунга қадар Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги томонидан Бухоро шаҳридаги Арк қалъаси Жоме масжиди ва Фарғона вилояти Риштон туманида жойлашган Бурхониддин Ал-Марғилоний мақбарасини реставрация қилиш бўйича битим имзоланган. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан Маданий мерос агентлиги ўртасида Маданий мерос соҳасини рақамлаштириш бўйича грант ажратиш бўйича келишувга эришилган.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА