Марокаш давлатининг Работ шаҳрида бўлиб ўтаётган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитанинг 17-сессияси Ўзбекистон учун муҳим маданий воқеликка айланди. Мамлакатимиз ташаббуси билан иккита кўп миллатли элемент Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди.

Дастлаб Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан биргаликда “Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш” номли биринчи файл тақдим этилди. “Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари” деб номланган иккинчи номинация Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан ҳамкорликда тайёрлаган.

Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистоннинг “UNESCO” ишлари бўйича миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов таъкидлашича, давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизнинг бой номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш ва кўпайтириш йўлида тизимли иш олиб борилмоқда. Яна икки анъанамиз махсус рўйхатдан жой олиши бунинг яққол далили. Айни йўналишда Ўзбекистоннинг “UNESCO”даги доимий вакили Умид Шодиевнинг саъй-ҳаракати алоҳида таҳсинга сазовор.

Тақдимот давомида маданиятларни бойитиш, маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳурмат ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга оид унсурларнинг тарихий ўрни ва аҳамиятини атрофлича очиб берувчи видеофильмлар намойиш этилди. Иштирокчилар ипак етиштириш билан боғлиқ анъанавий технология, кейинги йилларда Ўзбекистонда ипакчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган салмоқли ишларга алоҳида эътибор қаратдилар. Айниқса, аҳоли орасида машҳур ва севимли фольклор қаҳрамони саналган Хўжа Насриддиннинг Бухоро шаҳрида қад ростлаган ноёб ҳайкали иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Эслатиб ўтамиз, Репрезентатив рўйхатга киритилган Ўзбекистон элементларининг умумий сони 11 тага етди. Илгари бу рўйхатга “Бахши”, “Лазги”, “Палов”, “Аския”, “Миниатюра”, “Наврўз”, “Шошмақом” киритилган. Атлас ва адрас тайёрлашга доир анъанавий технологияни асраш бўйича Марғилон ҳунармандликни ривожлантириш маркази Номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш бўйича етакчилар реестридан жой олган.
Маълумот учун айтиш ўринли, энди янги элементлар халқаро миқёсда бутун инсоният меросининг ажралмас қисми сифатида тавсифланади. Бу номоддий маданий мероснинг ушбу турларини эътироф этиш ва кенг тарғиб қилишни сезиларли даражада оширишга хизмат қилади. Ўз навбатида, “UNESCO” ушбу элементларни турли лойиҳалар амалга ошириш орқали тарғиб қилади.

Сессия 3 декабргача давом этади.

ЎзА