Халқаро ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан АОКАда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов иштирокида бирифинг ўтказилди. Унда мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ОИВ ва ОИТС касаллигига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Президентимизнинг 2018 йилда қабул қилинган тегишли қарори ва 2018-2022 йилларга мўлжалланган Одам иммунитети танқислиги вирусини келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва касалхона ички инфекциялари профилактикаси тадбирларининг самарадорлигини оширишга доир комплекс қўшимча чора-тадбирлар режаси ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ҳар йили республикамизда 4,0-4,5 млн. аҳоли ОИВ инфекциясига текширувлар билан қамраб олинмоқда. 0,1 фоиз ҳолатларда касаллик аниқланмоқда.

–  Бу эса аҳоли ўртасида касалликнинг камайиб бораётганидан дарак беради, – дейди Б.Қурбонов. – Бундан 10 йиллар аввал республикамизда 700 минг нафар аҳоли ОИВ инфекцияга текширилган ва касаллик аниқланиш кўрсаткичи 0,42-0,45 фоизни ташкил этган. Касалликнинг онадан болага юқиш кўрсаткичи  4,8 фоиздан 0,6 фоизгача камайишига эришилди. 2009 йилларда республикада ОИВ инфекцияси 60,8 фоиз ҳолатларда парентерал йўл билан юққан бўлса, сўнгги йилларда бутун дунёда қайд этилаётган ҳолат каби юртимизда ҳам юқиш йўлларида ўзгаришлар кузатилди. Кузатишларга кўра, 74 фоиз ҳолатда касаллик жинсий йўл билан юққанлигини кўриш мумкин.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, босқичма-босқич даволашга барҳам берилиб, бугунги кунда ОИВ аниқланган шахсларни ташхис қўйилиши билан 100 фоиз АРВ терапияга олиш имконияти яратилди. Республикада ОИВ инфекцияли шахсларни ретровирусга қарши махсус терапия билан даволаш қамрови эса 79 фоизни ташкил этмоқда.

– Сўнгги йилларда аҳолининг 12 фоиздан ортиғи ҳар йили ОИВ инфекциясига текширувлар билан қамраб олинмоқда, – дейди Б.Қурбонов. – Жумладан, ўтган йили республикамизга қайтиб келган меҳнат мигрантларининг ОИВга текширувлар салмоғи 70 фоизни ташкил этди. Никоҳланувчилар ва ҳомиладорларни ОИВ инфекциясига текширувлар билан қамраб олиш амалдаги меъёрий ҳужжатларга асосан олиб борилмоқда. 99 фоиз ҳолатларда ОИВ инфекциясини барвақт аниқлаш мақсадида ОИВга текширувлар ўтказилмоқда. Инъекция орқали гиёҳванд моддаларни қабул қилувчилар ичида ОИВнинг тарқалиши 5,1 фоиздан 2,9 фоизгача камайганлигини кўриш мумкин.

Мамлакатимизда ҳар йили ОИВ инфекцияли оналардан туғилган 6 ойликкача бўлган 600 нафар болани сунъий қуруқ сут аралашмалари билан таъминлаш механизми яратилди. 18 ёшгача бўлган ОИВ инфекцияли болалар эса касаллик аниқланиши билан ижтимоий нафақа билан таъминланмоқда.

Аҳамиятлиси, республикамизда ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсларнинг камида 95 фоизи ўзининг инфекция билан касалланганлигини билиши, ОИВ инфекцияси юқтириб олган шахсларнинг камида 95 фоизи махсус ретровирусга қарши даволаш билан қамраб олиниши, махсус ретровирусга қарши терапия олаётган шахсларнинг камида 95 фоизида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага камайган бўлиши керак деган тамойил асосида ишлар йўлга қўйилган бўлиб, 2030 йилга бориб, ОИТС тарқалишига барҳам бериш мақсадида ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун, 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан Яшнобод тумани Султонали Машхади кўчасида жойлашган Documentary Center галерияси биноси Мобил лабораториясида соат 16.00дан 19.00гача Гепатит С ва ОИВ инфекциларига аноним тарзда бепул тест текширувлари амалга оширилмоқда.

 

Моҳигул Қосимова, 

ЎзА