Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Финляндия – Марказий Осиё парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари Киммо Килюнен бошчилигидаги Финляндия парламенти делегацияси билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Финляндия парламенти ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.

Делегация аъзоларига кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти хусусида батафсил маълумот берилди. Мамлакатимиз парламентининг қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, қўмита ва фракциялар иш услуби, парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ўз навбатида жаноб Килюнен Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон нафақат минтақада, балки жаҳон майдонида сезиларли даражада юксалаётганини юқори баҳолади.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Финляндия таълим тизими, биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар, истиқболдаги режалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар парламентлар аро муносабатни мустаҳкамлашга келишиб олди.

Шу куни делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Финляндия билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи вакиллари билан ҳам учрашди.

Суҳбат чоғида парламентлараро алоқа икки томонлама муносабатнинг муҳим таркибий қисми экани таъкидланди. Айни йўналишдаги ҳамкорликни изчил давом эттириш ва кенгайтириб бориш шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Мулоқот якунида томонлар нафақат парламентлар аро, балки бошқа соҳа ва йўналишлар бўйича ҳам ўзаро фикр алмашиш орқали тегишли чора-тадбирлар амалга оширишга келишиб олдилар.

Г.Сатторова,
ЎзА