Темурийлар тарихи давлат музейида “МДҲ музейларида Евроосиё мероси” номли халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги Маданий мерос агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан 40 дан зиёд вакил, музейшунос ва тарихчи олимлар иштирок этмоқда.

Конференциядан кўзланган мақсад МДҲ, жумладан, Ўзбекистонда соҳани ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар билан танишиш, мавжуд муаммолар, истиқболли мавзулар бўйича мутахассислар ўртасида узвий мулоқот ташкил этиш ҳамда музейлар аро ҳамкорликни жадал ривожлантиришдан иборат.

Тадбир доирасида “Евроосиё минтақаси бўйлаб ўтмишдан келажакка”, “Евроосиё цивилизацияси келиб чиқишидан миллий анъаналаргача” ҳамда “Инновацион ёндашув ва нашриёт лойиҳалари” мавзуларида давра суҳбати ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, музей ходимлари ўз фаолияти ҳақида қисқача гапириб, фото ва видео материал асосида тайёрланган тақдимотлар намойиш этишади.

Шунингдек келгуси ҳамкорлик учун йўналишлар белгилаб олинади, музейшунослик ишини такомиллаштириш, энг сўнгги технологияларни жорий этиш имконияти кўриб чиқилади. Маданий ҳаётни бойитишга хизмат қиладиган қўшма лойиҳалар таҳлил этилади, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш юзасидан музокара олиб борилади.

– Еттинчи бор ўтказилаётган бу конференция ҳар йил турли давлатларда ташкил этилади, – дейди Россия декоратив санъат музейи директори Елена Титова. – Бу тадбир музей соҳасида фаолият юритаётган профессор олимлар, илмий ходимларни бир даврага жамлади. Учрашув ижтимоий-маданий соҳада олиб борилаётган илмий изланишларни таҳлил қилиш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш имиконини беради. Илмий-амалий анжуман давомида саккиз мамлакатдан келган мутахассисларнинг 40 га яқин маърузаси тингланади. Шу ўринда айтиш керак, биз турли музейлар ва университетлар билан ҳамкорликда ишлаймиз. Табиийки, Ўзбекистондаги музейшунос олимлар билан ҳам доимий алоқа ўрнатилган. Мамлакатингизда музейларни такомиллаштириш, мамлакат тарихи, маданиятини келажак авлодга етказиш бўйича муҳим ишлар қилинмоқда. Кўрилаётган чора-тадбирлар аллақачон натижа бератаётганига гувоҳмиз. Муҳташам ва гўзал бинолар қуриляпти, етук мутахассислар тайёрлаш, музей ходимлари малакасини ошириш бўйича эътирофга лойиқ саъй-ҳаракатлар амалга оширилган. Ўзбекистон билан айни йўналишда ҳамкорликни кенгайтиришдан биз ҳам манфаатдормиз.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ҳозир мамлакатимизда 132 та давлат музейи фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 7 та музей-қўриқхона мавжуд. 2021 йил Ўзбекистондаги давлат музейларига икки миллион уч юз минг нафардан зиёд киши кирган. 2022 йилнинг тўққиз ойида бу кўрсаткич уч миллион етти юз мингдан ошди.

Илмий-амалий конференция уч кун давом этади.

Гўзал Сатторова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА