Орол фожиасига қарши курашиш учун бугунги кунда бутун дунё жамоатчилиги диққатини жамлаш, кучларни бирлаштириш зарурлиги аён.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Орол фожиаси салбий оқибатини камайтириш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётгани ҳам бежиз эмас. Айниқса, бу йўналишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган қатор лойиҳалар самара бермоқда.

БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик фонд (GEF) томонидан молиялаштирилаётган “Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг таназзул ерларида барқарор ҳаётни таъминлашни қўллаб-қувватлайдиган асос сифатида кўллар, сув-ботқоқ ерлари ва қирғоқ бўйи ҳудудларини сақлаш ҳамда бошқариш” ана шундай лойиҳалардан биридир.

Бугун пойтахтимизда Давлат экология қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, умумий қиймати 4 миллион долларни ташкил этадиган ушбу лойиҳа Оролбўйи минтақаси кўллари, сув-ботқоқ ҳудудларини сақлаш ва барқарор бошқариш бўйича олиб бориладиган амалий ишларни қамраб олади.

Маълумки, сув-ботқоқ ҳудудлари жаҳондаги биологик хилма-хилликнинг ноёб кўриниши, жуда қимматли экотизим ҳисобланади. Бугунги кунда Орол денгизи ҳавзасида ҳам кўллар, ботқоқ ҳудудлар ва қирғоқ экотизими сақлаб келинмоқда. Кўчманчи қушларнинг кўплаб турлари учун Ўзбекистон жуда муҳим учиш йўлида жойлашган. Масалан, Судочье, Денгизкўл, Aйдар-Aрнасой кўллар тизими қишловчи-кўчманчи қушларнинг асосий уялаш макони ҳисобланади.

Лойиҳа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни, асосий биологик хилма-хил ва асосий орнитологик ҳудудлар атрофидаги маҳсулдор ландшафтларни, ер ва сув ресурсларини комплекс бошқаришга қаратилган. Шу билан бирга тупроқ деградациясининг олдини олиш орқали Қуйи Aмударё ва Орол денгизи ҳавзаси ҳудудида экотизим барқарорлигини мустаҳкамлаш, турмуш шароитини яхшилашдан иборат.

Лойиҳа Ўзбекистоннинг жануби ва жануби-ғарбида жойлашган Aмударёнинг қуйи оқими, Орол денгизи ҳавзаси ҳудудларида амалга оширилади. Айни ҳудуд маъмурий жиҳатдан Бухоро вилоятининг Олот, Қоракўл туманлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Aмударё ва Мўйноқ туманларини ўз ичига олади. Бу жойларда табиий экотизим, яъни ботқоқлар, кўллар Aмударё ҳавзаси қирғоқ бўйи майдонлари жойлашган. Қолаверса, бу ҳудудларда деградацияга энг кўп учраган яйловлар, аксарияти шўрланишга мойил суғориладиган майдонлар мавжуд.

Шу боис лойиҳа ушбу қурғоқчил ландшафтдаги кўллар, ботқоқ ерлар ва қирғоқ биологик хилма-хиллиги қисқариши ва йўқолиб бориши билан бевосита боғлиқ бўлган ерлар деградацияси, сув танқислиги ва биологик хилма-хиллик йўқолишига олиб келувчи омилларни бартараф этишга қаратилган.

Лойиҳа доирасида умумий майдони 3 миллион гектардан зиёд Жанубий Устюрт, Белтов, Судочье кўллари тизими, Оқдарё-Қозоғдарё оралиғи ва Aкпетки қўриқхонаси сингари бешта янги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш кутиляпти. Бу ҳудудларнинг бари минтақадаги қушлар яшайдиган ҳудудларни тўлиқ ёки қисман қамраб олади.

Йиғилишда лойиҳа юзасидан амалга ошириладиган галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА