5–10 декабрь кунлари Ўзбекистонда қозоқ халқининг атоқли намояндаси «Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари» ўтказилади. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги телеграм канали хабар бермоқда.

Маълумот учун айтиш керакки, Абай — Иброҳим Қўнонбоев — XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаб, ижод этган қозоқ шеъриятининг машъали, бастакор, файласуф ва қозоқ ёзма адабиёти асосчиси, маърифатпарвар шоиридир.

Абай ўз ижодида Яссавий, Навоий, Фузулий анъаналарини давом эттирган. У Навоийни ўзининг буюк устози деб билган. Абай «Искандар», «Масъуд» достонлари, «Қоракўз» фалсафий дидактик асари, «Қиш», «Бургутчи», «Куз» каби шеърлари, «Азим ривояти» достони, «Нақлия сўзлар» (44 ҳикоятдан иборат) мажмуаси ва бошқа асарлар муаллифидир.

Қайд этиш жоизки, «Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари» доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Хусусан, адиб ижодига бағишланган кўргазма ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ўрта ва олий ўқув муассасаларида икки давлатнинг таниқли шоир, ёзувчи ва олимлари иштирокида Абай ҳаёти ва ижодига бағишланган ижодий кеча, Ўзбек Миллий академик драма театрида «Абай» спектакли намойиши, олий ўқув юртларининг гуманитар факультетларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари иштирокида Абай ижодига бағишланган маърузалар ўтказилади. Бундан ташқари, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Тошкент давлат шарқшунослик университети билан биргаликда «Абай фалсафаси ва Марказий Осиё мутафаккирлари» мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилади.

Қолаверса, тадбирдан «ХIХ асрда ўзбек ва қозоқ мутафаккирларининг умумий тарихий-маданий мероси ва дунёқарашини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш» мавзусидаги илмий конференция, Абай ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳужжатли фильм намойиши ҳам ўрин олган.

Тадбир доирасида Тошкент, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида Абай ижодига бағишланган маданий-ижодий кечалар ташкил этилади.

«Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари» тадбирини ўтказишдан мақсад Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

ЎзА