Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Келажак касблари” лойиҳаси ташкил этилди. Маълумотларга кўра, ҳозирга қадар мазкур лойиҳада қатнашиш учун республикамиздан 10 мингдан ортиқ ёшлар рўйхатдан ўтди.

Хўш, “Келажак касблари” лойиҳасининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат? Лойиҳа ёшларга қандай имкониятларни беради? Бу каби саволларимиз бўйича Ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бошлиғи Сардор Жўраев қуйидагиларни гапириб берди.

– Хитойликларда шундай мақол бор: “Инсоннинг қўлига бир дона балиқ бер – у бир кун тўқ бўлади, унга балиқ тутишни ўргат – у бутун умри давомида тўқ юради”. Шундай экан биз ҳам ёшларни билим олишга, касб танлашга, ҳар бир орзусига ўзи ҳаракат қилиб эришишига ўргатишимиз керак.

“Келажак касблари” лойиҳасининг олий мақсади ҳам билимли, меҳнатсевар, замонавий касб ва хорижий тилни пухта ўзлаштирган, ҳаётда ўз ўрнини топа оладиган ёшларни шакллантириш ва уларни пухта тайёрлашдан иборат.

Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги тегишли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 8-бўлими “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларини ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби” доирасида ўқув марказлари учун қўйиладиган талабларни белгилайди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ёшларга замонавий касблар ва хорижий тилларни ўрганиш учун имконият яратиш, замонавий касблар, ахборот технологиялар ва хорижий тилларни ўқитиш бўйича ёшларга сифатли ва бепул таълим бериш ҳамда замонавий касблар, ахборот технологиялар ва хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган ўқув марказларининг ривожланишини қўллаб-қувватлаш лойиҳа вазифаларидан ҳисобланади.

Лойиҳага кўра, ариза берувчи “Ёшлар дафтари”га кириши ёки “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлаш бўйича мурожаат қилган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки уларнинг вакили ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиши керак.

Ўқув маркази – давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия асосида ёки хабардор қилиш тартибида таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахс, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлиши лозим.

Лойиҳа доирасида ёшларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларни ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича олти ойгача муддатли ўқув курслари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ – 300 минг сўм)нинг 4 бараваригача миқдорда ёшлар етакчисининг ижобий тавсияси асосида “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ажратилади.


Гулноза Бобоева, ЎзА