Тошкент шаҳрида Ҳиндистоннинг “Aakash Healthcare” клиникаси филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, “Aakash Healthcare” клиникаси бошқарувчи директори Ашиш Чодри ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, нутқ сўзлади. Шунингдек, очилиш маросимида Ҳиндистон Ташқи ишлар ва Маданият давлат вазири Минакши Лекхи ҳамда мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳадовнинг иштирокчиларга йўллаган видео-табриклари намойиш этилди.

Пойтахтимизнинг Учтепа туманида ишга туширилган мазкур тиббиёт муассасаси 50 ўринга эга бўлиб, унда илғор амалиётни ўзида жамлаган ортопедия, педиатрия, эндокринология, неврология, физиотерапия, кардиология, гинекология, урология, умумий жарроҳлик, нейрохирургия, стоматология ва бошқа қатор бўлинмалар фаолият юритади.

Янги очилган клиника мамлакатимиз ва минтақа аҳолисига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш билан биргаликда, республикамиздаги шифокор ва тиббиёт ходимларини малакасини ошириш, Ҳиндистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган ютуқларни татбиқ этишни асосий мақсад қилиб белгилаган.

Қайд этиш лозим, мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Соғлиқни сақлаш ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, “Aakash Healthcare” компанияси раҳбарияти билан сўнгги икки йил давомида олиб борилган музокараларнинг амалий натижасидир.

ЎзА