Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида 2023 йилда Европа мамлакатларига экспорт ҳажмини ошириш ва товарлар номенклатурасини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Владимир Норов раислигида ўтган тадбирда соҳага ваколатли вазирликлар, миллий саноатга ихтисослашган корхоналар ҳамда мамлакатимизнинг Европа давлатларидаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидланишича, 2023 йил Европа мамлакатларига экспорт миқдорини кўпайтириш, жумладан, “GSP+” имкониятидан самарали фойдаланиш ҳисобига сотувни кўпайтириш бўйича белгиланган вазифаларни вақтида, сифатли бажариш мақсадида идоралараро ҳамкорликни кучайтириш зарур.

Вазир Норов бунинг учун саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, мавжуд имкониятларни бирлаштириш муҳимлигига, Европа давлатларига саноат маҳсулоти экспорти қийматини 700 миллион долларга, товарлар номенклатурасини 600 номга етказиш бўйича аниқ таклиф ишлаб чиқиш зарурлигига эътибор қаратди.

Мулоқот чоғида Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раҳбари И.Ҳайдаров, “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбари Ф.Бобоев ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Д.Сатторов аниқ ташаббус билан чиқди. Шунингдек, Европа мамлакатларидаги элчиларимиз видео конференция тарзида боғланиб, ҳудудларда савдони жадаллаштириш юзасидан таклифлар билдирди.

Германия, Латвия, Италия ва Польшадаги элчиларимиз сертификатлаштириш ва стандартлаштириш, маркетинг, кадрлар тайёрлаш, электрон тижорат соҳаларида маҳаллий экспортчилар салоҳиятини ошириш учун европалик ҳамкорларни жалб қилиш имконияти хусусида сўз юритди.

Йиғилишда Европа бозорига маҳаллий маҳсулот экспорти ҳажмини, товарлар хилма-хиллигини янада ошириш йўлиидаги мавжуд тўсиқлар, тегишли муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Тадбир якунида идоралараро ишчи гуруҳ шакллантириш ва аниқ чора-тадбирлар белгилаш, вазифаларни амалга ошириш механизми ва муддатини ўз ичига олган “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Б.Худойбердиев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА