Маълумки, Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўпчилик депутатларнинг фикр ва таклифлари билан Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамалари давом эттирилиб, такомиллаштириладиган бўлди.

Лойиҳада назарда тутилаётган айрим ўзгаришлар хусусида парламент қуйи палатаси депутати Моҳира Хўжаева қуйидагиларни сўзлаб берди:

— “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг 21-боб 99-моддасида ҳокимларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга раислик қилмаслигига оид норма ўз аксини топмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида ижро ҳокимиятига ҳам, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ҳам раҳбарлик қилар эди. Эндиликда ҳоким фақат ижро ҳокимиятига раҳбарлик қилиши белгиланмоқда. Маҳаллий Кенгашга эса сайланган депутатлар орасидан раислик қилиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.

Бу жуда тўғри фикр, ўринли талқин қилинган масала. Бўлиниш принципи ўз-ўзини тийиб туриш тамойилини амалга оширади. Ушбу тартибнинг жорий этилиши ижро ҳокимияти фаолияти самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ҳам ўз ижобий таъсирини кўрсатади.

Яна бир эътибор қаратиладиган жиҳати шундаки, парламент ва ҳукумат, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ўзаро муносабатлари қандай бўлади? Бу каби муносабатларга ҳам аниқлик киритиб олиш керак бўлади.

Ижро ҳокимияти ва Кенгашларнинг бўлиниши масаласи Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам ўз аксини топган. Албатта, ушбу масала Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилиши Конституциявий ислоҳотларнинг Тараққиёт стратегиясига ҳам ҳамоҳанг эканлигини намоён этади.

Умуман, Конституциявий қонун лойиҳасида бу каби нормаларни мустаҳкамлаш, лойиҳани янада такомиллаштириш ишларининг давом эттирилиши пухта ва мукаммал қомус яратилишида муҳим аҳамият касб этади.

ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди