Бугун “Central Palace hotel” меҳмонхонасининг мажлислар залида Республика Олий суди, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Ист-Вест менежмент институти (East-West Management Institute)нинг Ўзбекистондаги филиали билан ҳамкорликда “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” дастури доирасида “Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ суд жараёнларини ёритишда журналистлар малакасини ошириш” мавзусида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирокида семинар – тренинг бўлиб ўтди.

Семинар-тренингда малакали ва тажрибали мутахассислар томонидан гендер зўравонлигига қарши курашда одил судловга эришишнинг ҳуқуқий мезонлари, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда гендер зўравонлиги масалаларини ёритиш амалиётининг таҳлили, «нафрат тили» тушунчаси, миллий қонунчиликдаги зўравонлик тушунчаси ва қонунни қўллашда вужудга келадиган муаммолар юзасидан кенг маълумот берилди.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда зўравонликка қарши самарали курашишнинг омиллари, гендер зўравонлиги масалалари бўйича одил судловга эришишда ОАВ ва журналистлар имкониятлари, гендер зўравонлигини ёритишнинг ахлоқий жиҳатлари, медиа маконда мавжуд бўлган гендер қолипларини бартараф этиш йўллари каби мавзулар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Ўткир Алимов, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА