Ўзбекистонда судьялар орасидаги хотин-қизларнинг улуши қарийб 15 фоиз (180 нафар)га етди. Бу кўрсаткич Козоғистонда 51, Россияда 66, Словенияда 70, Португалияда 75 фоизни ташкил этади.

2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улушини ошириш 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилда 30 фоизга етказиш назарда тутилган.

Судьялар олий кенгаши ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ҳамкорлигида ташкил этилган “Суд ҳокимияти мустақиллиги ва тизимда гендер тенглик масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияда юқоридаги рақамлар қайд этилди.

Судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши ортиши ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назаридан қараш ва баҳо беришга янада кенгроқ имконият яратади. Зеро, аёл судья ўзи кўриб чиқаётган низоли ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдиради. Бу эса жамиятда ижтимоий адолат таъминланишига хизмат қилади.

Мазкур тадбир гендер тенгликни таъминлаш соҳасида Ўзбекистоннинг асосий халқаро шартномалари доирасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини баҳоловчи халқаро рейтинг ва индекслар доирасида баҳоланадиган ҳолатлар ва баҳолаш мезонлари таҳлилини кўриб чиқиш имконини берди.

Конференция натижасида суд тизимида жинс бўйича камситиш кўринишларини аниқлаш ва уларни бартараф этишнинг самарали механизмларини яратиш, судларда гендер тенгликни таъминлашдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шунингдек, хорижий давлатлар ҳамда миллий тажрибани таққослаш асосида суд тизимига аёл судья ва суд ходимларини кенг жалб қилиш бўйича тегишли таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Н.Абдураимова, ЎзА