Жорий йил 28 ноябрда “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Мазкур қонун кўчмас мулк объектлари бўлган ер участкаси, бино ва иншоот, кўп йиллик дов-дарахт ва мулкий мажмуа сифатида корхонага нисбатан тааллуқли бўлиб, ер қаърига нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонунда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги давлат органлари (Вазирлар Маҳкамаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси) ва рўйхатдан ўтказишга кўмаклашувчи воситачиларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилди.

Давлат хизматлари маркази ва нотариуслар воситачилар бўлиб, улар ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни қабул қилади, кадастр органига юборади ва кадастр ҳужжати кўчирма нусхасини олиб беради.

– Қонун билан кўчмас мулкка бўлган ҳар бир ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўладиган ҳужжатларнинг аниқ рўйхати кўрсатилди, – дейди Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъматжон Атамуратов. – Шу билан бирга, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга ошириш тартиби белгиланди. Бунда аризачи томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларга қўйилган талаблар, улар рўйхатдан ўтказувчи органга воситачилар орқали берилиши, рўйхатдан ўтказиш 2 иш кунида амалга оширилиши кўрсатилди. Фуқаролар учун кўчмас мулкни бўлиш ёки бирлаштириш имконияти яратилиб, ушбу жараёнлар мулкдор аризаси асосида амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, мамлакатимиз маъмурий-ҳудудий бирликлари ўзгарганда, улардаги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш мулкдор аризаси талаб этилмаган ҳолда бепул амалга оширилиши белгиланди.

Ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида вужудга келадиган низоларнинг қисқа муддатда ва бепул ҳал этилишини таъминлаш мақсадида кадастр, қурилиш, солиқ органлари ходимлари иштирокида вилоят даражасида Комиссия ҳамда республика даражасида Апелляция комиссияси ташкил этилади.

Комиссия мурожаатни 10 иш кунида кўриб чиқиши ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни бекор қилиш ёки рўйхатдан ўтказишни ўз кучида қолдириш ҳақида қарор қабул қилиши белгиланмоқда. Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Шу билан бирга, жорий йил 2 ноябрда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.

Қонуннинг 41-моддаси билан Географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартиришда мазкур географик объект жойлашган ҳудудда яшовчи маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш тартиби киритилди.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисидаги таклифларни келиб тушганидан кейин муҳокама қилиш учун беш иш кунидан кечиктирмай ўз расмий нашрларида, расмий веб-сайтларида, шунингдек оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Таклифларнинг муҳокамасини ўтказиш муддати географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисидаги таклифлар эълон қилинган санадан эътиборан ўн беш кундан кам бўлмаслиги керак.

Маҳаллий аҳоли географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисидаги таклифларга нисбатан ўз фикрини оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда якка тартибда ёки жамоа бўлиб билдириши мумкин.


Шаҳноза Маматуропова, ЎзА