Энергетика вазирлиги ва Корея энергетика агентлиги ҳамкорлигида навбатдаги лойиҳа амалиётга татбиқ этилди.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, мазкур лойиҳа асосида Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида чиқинди маҳсулотларидан қаттиқ ёқилғи (пеллет) ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди.

–Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 12 минг тоннани ташкил этади. Завод ишга тушиши натижасида 20 та янги иш ўрни яратилди. Муқобил ёқилғи турларидан бири ҳисобланган мазкур қаттиқ ёқилғи маҳсулотидан хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларини иситишда фойдаланилади. Завод Энергетика вазирлиги ва Корея энергетика агентлигининг ҳамкорликдаги навбатдаги лойиҳаси бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот республикамизда муқобил ёқилғи турини ривожлантиришга ва энергия ресурсларини тежашга хизмат қилади, –деди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати бош мутахассиси Обиджон Дилмуродов.

Маълумот ўрнида, пеллет – турли хил дон экинларининг сомони, маккажўхори пояси, деярли барча ўсимликларнинг илдизлари ва барглари, ёғочни қайта ишлашдан чиққан чиқиндилар ҳамда маиший чиқиндилардан тайёрланади.

ЎзА