Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 ноябрдаги “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони билан Бош прокуратура Академияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилди.

Академияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя қилиш маданияти билан уйғунлашган юксак маънавий, психологик, таҳлилий ва касбий сифатларни ривожлантиришнинг самарали тизимини жорий этган ҳолда жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги мутахассисларни чуқурлаштирилган мақсадли базавий тайёрлаш йўлга қўйилади.

Махсус касбий кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган дастурлар асосида тергов ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида кадрлар тайёрланади, қайта тайёрланади ва малакаси оширилади.

Коррупцияга ҳамда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш соҳаларида махсус ўқув дастурлари асосида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.

Жиноятларни тергов қилиш методикаси ва тактикасини самарали белгилаш асосида жиноят ишлари бўйича мустақил иш юритиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган интерфаол ўқитиш методлари таълим жараёнига татбиқ этилади.

Академияда ўқитишнинг замонавий шакллари, педагогик ва ахборот технологиялари асосида назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан узвий боғлиқлигини, шу жумладан, масофавий таълим шаклида таъминлашга қаратилган ўқув жараёни ташкил этилади.

Прокуратура органлари ходимларида билим ва кўникмаларни, шу жумладан, тизимли таҳлил ва танқидий фикрлашни, қонунийликни таъминлаш юзасидан адолат ва масъулият каби юксак туйғуларни шакллантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг яхлит тизими яратилади.

Юқори малакали илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг энг долзарб масалалари бўйича комплекс илмий тадқиқотлар тизимли асосда, шу жумладан, миллий ва халқаро грантларни жалб этган ҳолда амалга оширилади.

Жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини, шу жумладан, терговга қадар текширув ҳужжатлари ва жиноят ишларини ўрганиш асосида уларнинг алоҳида турлари кесимида таҳлил ва диагностика қилиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти услубий ва консультатив таъминланади.

Суд-ҳуқуқ соҳасида қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, илғор педагогик тажриба алмашиш борасида узлуксиз халқаро ҳамкорлик амалга оширилади. Бунинг учун ўқув жараёнига хорижий мамлакатлар етакчи ўқув ва тадқиқот муассасаларининг малакали мутахассислари жалб қилинади.

ЎзА