Бухоро вилояти суди биносида жорий йилнинг 1−2 июль кунлари Нукусда содир этилган оммавий тартибсизликларда қатнашганликда гумонланган 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди.

Дастлаб жорий йилнинг 1−2 июль кунлари Нукусда содир этилган оммавий тартибсизликларда қатнашганликда гумонланган 22 нафар фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари учун брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари, Олий суд раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Азиз Обидов ахборот берди.

Таъкидланишича, ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Е. Абибуллаев раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилади.

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Д. Тажимуратов, Л. Каллыханова, А. Турданов, А. Сметуллаев, Д. Джиемуратов, Б. Кадирбергенов, Б. Сейтниязов, А. Тоқимбетов, Қ. Сейтимов, А. Нуратдинов, С. Медетов, Н. Найыпов, П. Шамшетов, Р. Бекмуратов, С. Каипов, Б. Генжебаев, С. Калилаев, П. Нурниязов, С. Калимов, Н. Султамуратов, А. Темирханов ва А. Адилбеков Жиноят кодексининг 28,104, 104, 159, 164, 167, 227, 243, 244, 244-1, 247 ва 277-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

20 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 1 нафарига “уй қамоғи” ва 1 нафарига “жамоа кафиллиги” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Суд жараёни очиқ тарзда ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун суд мажлисларини видеоконференцалоқа воситасида тўғридан-тўғри кузатишга мўлжалланган ҳамда барча техник шароитлар яратилган матбуот зали ташкил этилган.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА