Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари билан ерларни, асосан суғориладиган ерларни асраш бўйича бир қанча вазифалар белгилаб берилди.

Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, унинг шаҳар ва туманлардаги бўлимлари томонидан жорий йил бошидан 15 ноябрь кунигача жами 1372 ҳолатда 244,9 гектар ер майдони фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Бу бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уларнинг ҳар бирига огоҳлантириш хати берилди.

– Кўрилган чоралар натижасида 1052 ҳолатда 93,2 гектар ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдони давлат ер захирасига қайтарилди, – дейди Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Парахат Сейтмуратов. – Қолган 320 ҳолатдаги 131,7 гектар ер майдонини бош ер захирасига қайтариш чораси кўрилмоқда. 187 ҳолатдаги 114,4 гектар ер майдони бўйича судларга даво аризаси киритилди. Суғориладиган ерларда ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилгани учун 35 та ҳолатдаги 1,6 гектар бўйича тўпланган ҳужжатлар прокуратурага ўтказилди.

Шу билан бирга Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси шаҳар ва туман бўлимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддалари билан 3 минг 394 жисмоний ва юридик тарафларга 8 миллиард сўмдан зиёд жарима қўлланилди.

Белгиланган режалар асосида Оролбўйи ҳудудида ноқонуний ер эгаллашнинг олдини олиш ишлари давом этмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири