“Caspian Energy Club” – Каспий-Қора денгиз ва Болтиқ бўйи минтақаларида фаолият юритувчи, дунёнинг 50 давлатидаги 5000 дан зиёд компания ва корхонани бирлаштирган, Озарбайжон, Грузия ва Қозоғистонда расмий ваколатхонаси мавжуд йирик минтақавий ташкилот ҳисобланади.

Мазкур йирик клуб аъзолари мамлакатимиз билан кенг кўламли ҳамкорлик қилиш истагини билдиришди. Бу ҳақда “Caspian Energy Club” раиси Телман Алиев бошчилигидаги делегация билан кечган учрашувда айтилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бўлиб ўтган тадбирда ахборот-коммуникация соҳалари, фармацевтика ва тўқимачилик саноатида инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга оширишни назарда тутувчи ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароит тўғрисида тақдимот ўтказилиб, тадбиркорлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлик таъкидланди.

“Caspian Energy Club” ва Ўзбекистон Хорижий инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги иштирокида мунтазам анжуманлар ўтказиш, Озарбайжоннинг IT-компаниялари ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари вакилларидан иборат делегациянинг қўшма лойиҳалар яратиш мақсадида юртимизга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Ахборот ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, 19 давлатда нашр этилиб, 50-70 минг нусхада чоп этилаётган “Caspian Energy” журналида Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятини тарғиб қилишга келишилди.

Учрашув якунида шерикликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлик маъқулланди. Минтақа ишбилармон доираларининг республикамизда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга қизиқиши ортиб бориши муносабати билан Тошкент шаҳрида “Caspian Energy” ваколатхонасини очиш зарурлиги тасдиқланди.

ЎзА