Навоий шаҳрида Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессияси бўлиб ўтмоқда.

Навоий вилояти ҳокимлигига номзод мактаб ва боғчалар барпо этиш, аҳолини уй-жой, ичимлик суви билан таъминлаш, маҳаллада яшаш шароитларини яхшилаш бўйича ташаббусларини айтди.

Улардан келиб чиқиб, Президент мутасаддиларга:

– келгуси йилга уй-жой ипотекаси учун 100 миллиард сўм ва 50 та янги боғчага 5,5 миллиард сўм субсидия ажратиш;

– Учқудуқдаги иссиқлик тизимини янгилашга 51 миллиард сўм ажратиш, Ғозғон ва Навоийда 2 та электр подстанцияси қуришга 143 миллиард сўм йўналтириш;

– 11 та мактабга қўшимча бино, 33 та мактабга спорт зали қуриш лойиҳасини келгуси йил давлат дастурига киритиш;

– келгуси йил Учқудуқда 78 километр сув тармоғи қуриш лойиҳасига 100 миллион доллар жалб қилиш;

– келгуси йилда Карманадаги Боғишамол ва Янгиҳаёт маҳалласидаги темир йўл устидан йўл ўтказгич қуриш;

– Ислом тараққиёт банкининг Кармана, Қизилтепа ва Навбаҳордаги 34 та қишлоқни ривожлантириш лойиҳаси доирасида 54 миллион доллар жалб қилиш;

– бир ой муддатда Зарафшон шаҳрини кенгайтириш ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини киритиш, бунда 30 минг аҳолига инфратузилмага эга бўлган Саноатчилар шаҳарчасини ҳамда марказий поликлиника қуришни назарда тутиш топширилди.

ЎзА