Навоий шаҳрида Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессияси бўлиб ўтмоқда.

Қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштиришни 2 бараварга ошириб, 100 минг нафар аҳолини банд қилиш зарурлиги таъкидланди.

Номзод ўз тақдимотида бу борадаги режаларини кўрсатди.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга:

– келгуси йилда Хатирчи, Кармана, Навбаҳор, Қизилтепа ва Нуротадаги 72 та маҳалла атрофидаги 5 минг гектарда сув таъминотини яхшилаб, узумзор ва мевали боғлар барпо этишга 4 миллион доллар йўналтириш;

– келгуси йилда Конимех, Томди ва Учқудуқ яйловларида қудуқ қазишга 10 миллиард сўм субсидия ажратиш;

– 1,5 минг гектарда яйлов ўсимликлари уруғчилиги хўжалиги ҳамда 5 минг гектарда каврак плантацияларини барпо этиш;

– дала ва йўл четларида 6 миллион дона тут кўчатини экиш ва ипакчиликда 58 минг аҳоли бандлигини таъминлаш;

– келгуси йилда қоракўлчилик ва қўйчилик лойиҳаларига 20 миллион доллар ажратиш;

– келгуси йилда 10 миллион доллар инвестиция ҳисобидан Кармана ва Хатирчида агрологистика марказларини ишга тушириш;

– 500 минг гектар яйловларда ёшлар бандлигини таъминлаш дастурини қабул қилиш;

– дастур доирасида лойиҳаларга 15 миллион доллар ҳамда қудуқ қазишга қўшимча 20 миллиард сўм субсидия ажратишга топшириқ берди.

 

ЎзА