18 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Дастлаб сенаторлар 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил 9 ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Ҳукуматнинг ҳисоботини эшитдилар.

Хусусан, дастурнинг 607 та яхлит ва кичик бандларда назарда тутилган топшириқлардан 233 та (33 фоиз) банд ва кичик бандлар тўлиқ бажарилган бўлиб, ҳисобот даврида 219 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.

Ҳукумат томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи 105,8 фоизни ташкил этган.

Давлат бюджетининг жами харажатлари 162,4 триллион сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 83,3 триллион сўмни ташкил қилган. Амалга оширилган жами харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,7 фоизга ошган.

Ҳисобот даврида 1,9 миллион нафар фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланган.

Хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 69,3 мингдан зиёд янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилган бўлиб, уларда мингдан зиёд аҳолининг бандлиги таъминланган.

“Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш мақсадида умумий қиймати 700 миллион доллардан ортиқ бўлган хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларида қуввати 1 154 МВтга тенг 5 та электр станциялари ишга туширилган.

Йўл-транспорт коммуникацияларини янада ривожлантириш мақсадида 5,8 триллион маблағлар ҳисобига жами 15 минг 95 километр автомобиль йўллари ҳамда 104 та кўприк таъмирланган.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 2 762 та объект учун 23,8 триллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳисобот даврида 466 та мактаб, 163 та мактабгача таълим, 63 та тиббиёт, 11 та спорт объекти фойдаланишга топширилган.

Бирламчи тиббий санитария ёрдами тизимида 19,5 минг кундузги шифо ўринлари ташкил қилиниши ва уларнинг иш фаолияти 20:00 гача узайтирилиши натижасида поликлиникаларга мурожаатлар сони 191 миллионни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 миллионга ортган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг 182,6 минг нафари “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 135,4 минг нафари ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланган.

Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар томонидан Давлат дастури ижроси юзасидан йўл қўйилган айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Жумладан, Дастурнинг 286-бандида қайд қилинган вазифа, яъни тажриба тариқасида “Янги Ангрен ИЭС”да Мис эритиш заводларининг ифлослантирувчи манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станцияларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмаган.

Дастур ижроси муҳокамасида сенаторлар аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Муҳокамалардан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунингдек, сенаторлар дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилдилар.

Ҳукумат томонидан берилган маълумотга кўра, сўровда кўтарилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Сенат ишчи гуруҳи тузилиб, ҳолат ўрганилган.

Ўрганиш жараёнида сув ҳавзаларида лицензия асосида қум-шағал қазиб олаётган 94 та тадбиркорлик субъектидан 12 тасида норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартиби, 25 тасида лицензия шартлари бузилганлиги аниқланган.

Дарёлар ўзанларини тозалаш ва норуда қазилмаларни қазиб олишни назорат қилишдаги асосий камчиликлар тегишли ташкилотлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари билан боғлиқ бўлса-да, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ишлари талаб даражасида амалга оширилмаган. Лицензия ва шартнома асосида қазиш ишларини айрим мутахассис бўлмаган ходимлар олиб бормоқда. Оқибатда дарё ўзанлари тиклаб бўлмас ҳолатга келишига ва уларнинг йўналиши ўзгаришига таъсир қилмоқда.

Қум-шағал маҳсулотлари саноат усулида қазиб олиниши дарё қирғоқлари кенглигининг беш юз метрдан ортиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, дарё ўзанлари белгиланган чуқурликлардан пастга тушиб кетаётганлиги натижасида ер ости чучук сувлари ифлосланиб, сув сатҳи пасайиб кетмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензия ёки шартнома муддати тугагандан сўнг кон ёки участкани қабул қилиб олиш тартиби жорий этилмаган.

Шунингдек, кон ишлари якунлангандан сўнг бузилган ер майдонларини рекультивация қилиш ва давлат захирасига қайтариш бўйича талабни бажармаган субъектларга нисбатан қонунчиликда таъсир чоралари мавжуд эмас. Бу, ўз навбатида, дарё ўзанлари тартибга келтирилмай, унинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари бажарилмай ташлаб кетилишига, тадбиркорлик субъектларига берилган лицензия билан кенг ҳудуд бириктирилганлиги оқибатида дарёлар қирғоқларидан қазиш ишлари ўтказилиши ва уларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Сенаторлар муҳокамалар давомида тегишли ташкилотлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларидаги камчиликлар, тизимли муаммоларнинг сақланиб қолаётгани, қум-шағалларнинг ноқонуний қазиб олиниши натижасида табиатга етказилган зарар миқдорини ҳисоб-китоб қилиш механизми мавжуд эмаслигини таъкидлаб, қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқ оқибатида кўрилаётган таъсир чоралари самараси сезилмаётганини алоҳида қайд этдилар.

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг мажлисда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2022 йил тўққиз ойи якуни бўйича ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнларга қарамасдан 2022 йилнинг 9 ойида Ўзбекистон иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари сақлаб қолинди.

Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсиб, 627 триллион 477 миллиард сўмни ташкил этди.

Иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, ишлаб чиқаришларни диверсификация қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган самарали чоралар натижасида аҳолининг реал даромадлари 409,2 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,7 фоизга ошган.

Макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилиши ва амалга оширилаётган самарали бюджет-солиқ сиёсати натижасида ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 147,1 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,1 триллион сўмга ёки 26,8 фоизга кўпайиб, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 6,5 триллион сўм миқдорида маблағ қолдирилди.

Давлат бюджетининг жорий йилнинг 9 ойидаги харажатлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 162,4 триллион сўмни ёки ЯИМга нисбатан 26,4 фоизни ташкил этди.

Сенат аъзолари муҳокама жараёнида асосий эътиборни 2022 йилнинг 9 ойида Давлат бюджети даромад ва харажатларининг ижроси, ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, шунингдек, Давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилишида солиқ ва божхона тўловларининг ундирувчанлик даражасига қаратдилар.

Давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги борасида қурилиш соҳасида ўтказилган назорат тадбирларида ҳақиқатда бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини ҳисоботларга қўшиб ёзиш, лойиҳа-смета ҳужжатларида қурилиш материалларини юқори нархларда кўрсатиш каби хато ва камчиликлар аниқлангани таъкидланди.

Ижтимоий ривожлантириш борасидаги давлат дастурларида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга ажратилган маблағларнинг мақсадли, ўз муддатида ва тўлиқ ўзлаштирилишида ҳам айрим муаммо ва хатолар мавжудлиги қайд этилди.

Мажлисда вазирлик ва идоралар тизимидаги ички аудит хизмати фаолияти самарадорлиги таҳлилига ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, ҳамон бюджет маблағларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, вазирлик ва идоралар бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлари ижроси таҳлили ва уларнинг самарадорлик даражаси ҳисоботда ўз аксини топмаганлиги сенаторлар томонидан алоҳида қайд этилди.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш ҳамда белгиланган прогноздан ортиқча тушган даромадлардан мақсадли фойдаланиш борасида йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Айниқса, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари ҳокимликларнинг фармойишлари асосида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг қарорларини қабул қилмасдан тўғридан-тўғри сарфланиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди.

Сенаторлар “Очиқ бюджет” портали орқали маҳаллий бюджетнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жамоатчилик фикрининг ҳисобга олиниши ҳолати юзасидан ҳам муносабат билдириб, бу борада шаффофликни ва фуқароларнинг кенг иштирокини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Ҳисоботда давлат харидларини амалга ошириш жараёни билан боғлиқ ижобий ишлар ёритилиб, бу жараёндаги хато ва камчиликлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар кўрсатиб ўтилмагани танқид қилинди.

Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари ижросини таъминлашда ҳамда бюджет давлат мақсадли жамғармалари маблағларидан самарали, мақсадли фойдаланишда йўл қўйилган хато-камчиликлар ва уларнинг ечимига қаратилган таклифлар билдирилди.

Муҳокама қилинган масала юзасидан аниқланган камчилик ва муаммоларнинг ечими бўйича таклифлар акс этган Сенатнинг қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, “маҳаллабай” ишлаш тизими ва ҳоким ёрдамчилари институтининг жорий этилиши, ҳудудлардаги муаммоларнинг имкон қадар тезроқ бартараф этилиши долзарб масалаларнинг ўз вақтида тўлиқ ҳал қилинишига замин яратмоқда.

Хусусан, ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 306 мингта лойиҳага 7,2 триллион сўм имтиёзли кредит, 17,3 мингга яқин фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва томорқа хўжалигида банд бўлиш мақсадида 84,4 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилган. 326,5 минг киши бўш иш ўринларига жойлаштирилган ва 112 мингга яқин фуқаро касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган.

Муҳокамалар жараёнида ҳудудий дастурлар доирасида Тошкент вилоятида 431 та ва Тошкент шаҳрида 128 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилгани, бунинг натижасида 14,5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилгани таъкидлаб ўтилди. Тошкент вилоятида 49,9 минг ва Тошкент шаҳрида 46,1 минг фуқаро 70 дан ортиқ фаолият йўналишида ўзини ўзи банд қилган.

Сенат аъзолари аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ижобий ишлар билан бир қаторда айрим камчилик ва муаммоларнинг мавжудлигига, жумладан, баъзи туман (шаҳар)ларда йиллик бандлик дастури ижроси орқада қолаётганига, тегишли ишларни мувофиқлаштириб борувчи штабларнинг фаолияти самарали ташкил этилмаганига эътибор қаратдилар.

Таъкидланганидек, иш ўринлари тўғрисидаги умумий ҳисоботни шакллантиришда кўрсаткичларнинг давлат солиқ органлари ва “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси маълумотлари базасига мувофиқлиги тўлиқ таъминланмаган.

Шунингдек, “Уста-шогирд” анъаналари асосида ёшларга касб-ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга шогирдлар тайёрлаш, зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш мақсадида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасидан субсидия маблағларини ажратиш тизимли йўлга қўйилиши зарурлиги, шунингдек, Тошкент вилоятида ер участкаларини “e-auksion.uz” электрон савдо платформасига жойлаштиришни янада самарали ташкил этиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Айниқса, шаҳар ва туман Кенгашларида халқ депутатлари янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ишларини тизимли равишда ҳар ой натижалари бўйича муҳокама этиш ва тегишли чоралар кўришга оид таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиши зарурлиги таъкидланди.

Сенаторлар томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини маҳаллабай ишлаш тизими асосида ўрганиш ва сессияларда танқидий муҳокама қилиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйилган (квота) иш ўринларидан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

Муҳокамаларда урғу берилган масалалар ечимига оид таклифлар Сенатнинг қабул қилинган қарорида ўз аксини топди.

Шундан сўнг Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида “Измир Шартномасини (Измир, 1996 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Сенаторлар ушбу Шартнома 1996 йил 14 сентябрда 10 та мамлакат – Афғонистон, Озарбайжон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Эрон ва Ўзбекистон томонидан имзоланганини ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) таъсис ҳужжати эканлигини таъкидладилар.

Шартнома Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ташкилий тузилмасини, унинг мақсад ва фаолият тамойилларини, шунингдек, молиявий масалаларни ҳамда ташкилотда қарорлар қабул қилиш тартибини белгилайди.

Муҳокама чоғида сенаторлар Ўзбекистон томонидан Измир Шартномасининг ратификация қилиниши Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш учун ҳуқуқий асос яратишини, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар билан кенг ҳамкорлик қилиш имконини беришини таъкидладилар.

Ўзбекистоннинг ташкилотда тўлиқ иштирок этиши хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш, транспорт-логистика йўлакларини кенгайтириш, шу жумладан, транзит ташиш тарифларини бирхиллаштириш орқали кенгайтириш, мамлакат минтақаларининг туристлар жалб этувчанлигини ошириш имконини беради.

Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар қонунни маъқуллади.

Сўнг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий ҳадли Битимни (Тошкент, 2022 йил 29 март) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур Битим 2022 йил 29 март куни Туркия Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган. Битим ҳарбий тайёргарлик ва ҳарбий таълим, мудофаа саноати ҳамкорлигини ривожлантириш, логистика соҳасидаги ҳамкорлик, картография ва гидрография, миналар ва қўлбола портловчи қурилмаларга қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш каби йўналишларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.

Мазкур йўналишлардаги ҳамкорлик тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Туркия Республикаси Миллий мудофаа вазирлигининг йиллик режаларига киритилади.

Муҳокама чоғида Битимнинг ратификация қилиниши Давлат бюджетидан қўшимча маблағ ажратишни талаб қилмаслигини, Битим доирасида ташкил этиладиган барча тадбирлар эса ҳар йили Мудофаа вазирлигига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилиши қайд этилди.

Сенаторлар қонунни маъқулладилар.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг 35-ялпи мажлисида сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини кўриб чиқдилар.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари туфайли Марказий Осиё минтақасида мутлақо янги сиёсий ишонч муҳити яратилганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Илгари умумий манфаатларга эришиш йўлида минтақа мамлакатларининг ўзаро яқинлашишига тўсиқ бўлиб келган кўплаб муаммоли масалаларни ҳал этишда олдинга силжиш юз берди.

Ялпи мажлисда сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини батафсил муҳокама қилдилар.

Сенаторлар давлат чегараси билан боғлиқ низоли масалаларнинг ҳал этилиши мамлакатимиз миллий хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади, чунки бу чегарадаги низоларнинг олдини олиш ва ноқонуний савдога самарали қарши курашиш имконини беради.

Ўз навбатида, Андижон (Кампиробод) сув омборидан биргаликда фойдаланиш минглаб фермер хўжаликларини сув билан узлуксиз таъминлашда ишончли кафолатлар яратади.

Бундан ташқари, мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва ўзаро манфаатли фойдаланишга хизмат қилиши, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга имкон бериши таъкидланди.

Батафсил муҳокама якунлари бўйича Сенат мазкур қонунларни маъқуллаш тўғрисида қарорлар қабул қилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 35-ялпи мажлисининг биринчи куни якунланди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати