Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 25 октябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, шу йил апрелда халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган, унда тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, бу орқали бандликни таъминлаш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида катта режалар белгилаб олинган эди.

Хусусан, жорий йилда 10 мингта тадбиркорлик субъекти ташкил этиб, уларнинг сонини 80 мингтага етказиш, 9 триллион сўм инвестиция жалб қилиб, 810 та саноат лойиҳасини амалга ошириш, 430 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган. Қишлоқ хўжалигида 12 минг 500 гектар ерни аҳолига тақсимлаб, 3 миллион 200 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, 11 минг гектар интенсив боғ ва токзор ташкил этиб, мева-сабзавот экспортини 60 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилган. Ижтимоий соҳада 174 та мактаб, боғча ва поликлиника қуриш ва таъмирлаш, 1,5 минг километр ичимлик суви тармоғи тортиш ҳамда 1,8 минг километр ички йўлларни таъмирлаш режалаштирилган.

Йиғилишда Қашқадарё вилояти ҳокими М.Азимов шу борада қилинган ишлар тўғрисида ҳисобот берди. Ундан келиб чиқиб, йил якунигача ва келгуси йилга мўлжалланган вазифалар муҳокама қилинди.

Биринчи навбатда, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш масаласига эътибор қаратилиб, бу орқали келгуси йил вилоятда 207 мингта иш ўрни яратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Бунинг учун имкониятлар кўп. Жумладан, соатига 1,5 мингта автомобиль қатновига эга Шаҳрисабз-Китоб йўли бўйида хизмат кўрсатишни ташкил қилиш учун 3 мингта тадбиркорни жалб этса бўлади. Шаҳрисабзнинг Мираки ва Китобнинг Қайнар қишлоқларида туризмни ривожлантириш орқали 10 мингта иш ўрни яратиш имкони бор. Шунингдек, бўш турган бино ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш зарур.

Вилоятда катта салоҳиятга эга яна бир соҳа – саноат. Бу йўналишда 960 та лойиҳани амалга ошириб, 20 минг нафар аҳолини банд қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Хусусан, 22 та норуда конни ўзлаштириб, талаб юқори бўлган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш имкони бор. Кимё, нефть-газ, энергетика тизимидаги йирик корхоналар билан саноат кооперациясини йўлга қўйиб, 65 та маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга ошириш лозим. Кластерлар томонидан таклиф этилган 12 та лойиҳа пахтани чуқур қайта ишлаш даражасини оширади.

Учинчи муҳим йўналиш – қишлоқ хўжалиги. Жумладан, 18 минг гектар майдонда сув таъминотини яхшилаб, қўшимча 90 миллиард сўмлик маҳсулот етиштириш, 66 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиб, 300 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш, 10 минг гектар пахта ва ғалла майдонини қисқартириш ҳисобига 32 минг оила бандлигини таъминлаш мумкин. Умуман, имкониятлардан тўғри фойдаланилса, бу соҳада 295 минг нафар аҳоли ишли бўлади.

Йиғилишда ижтимоий масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Қашқадарёда марказлашган тоза ичимлик суви таъминотини келгуси йилда 60 фоизга етказиш, 6 минг километр ички йўллар ва кўприкларни таъмирлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Маҳаллаларда мактабгача таълим муассасаси ва поликлиникалар қуриш, уй-жойга муҳтож аҳолининг шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари белгиланди.

– Инсон қадри, деган тамойил асосида ишлаб, ҳамма нарсани халқнинг муаммоларидан келиб чиқиб амалга оширамиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Инвестиция дастурида маҳалланинг улуши бўлиши керак. Буни халқ билан маслаҳатлашиб, ҳокимлар таклиф беради, маҳаллий кенгашлар бажарилишини назорат қилади. Охирги беш йилда кўп жойларда саноат ривожланди. Энди инвестицияни энг оғир маҳаллаларга йўналтириш, уларни яхшилаш керак.

Йиғилишда вилоят ва туман ҳокимлари қайси маҳаллаларда ишсизлик кўпу, қайсиларида инфратузилма муаммоси борлиги, қандай тажрибаларни оммалаштириш зарурлиги ҳақида таклифларини билдирди.

Улар асосида Қашқадарёда тадбиркорликни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳал этиш учун 2023 йилда республика бюджетида 685 миллиард сўм назарда тутилиши таъкидланди.

Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” доирасида вилоят маҳаллаларига 135 миллиард сўм, яна 670 та лойиҳани амалга оширишга қўшимча 265 миллиард сўм ажратилиши айтилди.

Бундан ташқари, 2023 ва 2024 йилларда ичимлик суви ва автомобиль йўллари лойиҳаларига қўшимча 410 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.

Йил якунигача, шу тартибда, барча вилоят ҳокимлари ҳисоботи кўриб чиқилиши, келгуси йилги инвестиция дастури шу асосида шакллантирилиши белгиланди.

ЎзА