Президент Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни “Humo Arena” спорт саройига ташриф буюриб, дзюдо бўйича жаҳон чемпионати беллашувларини томоша қилди.

Маълумки, бу нуфузи бўйича Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда турадиган муҳим мусобақадир. Юртимизда биринчи марта ўтаётган мазкур чемпионатда 82 та мамлакатдан 571 нафар дзюдочи иштирок этмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 18 нафар йигит-қиз курашмоқда.

Давлатимиз раҳбари эркаклар ўртасида 90 килограмгача бўлган вазн тоифасидаги финал беллашувини кузатди. Қизғин ва тенг курашлар остида ўтган баҳсда юртдошимиз Давлат Бобонов италиялик рақиби Кристиан Парлатини енгиб, олтин медални қўлга киритди. Бу мамлакатимиз дзюдоси тарихида яна бир катта муваффақият бўлди.

Ғолиб Давлат Бобонов (олтин) ва совриндорлар Кристиан Парлати (кумуш), грузиялик Лаша Бекаури ва Лука Майсурадзега (бронза) медалларни Президент Шавкат Мирзиёев топширди.

Мусобақанинг кейинги кунларида яна тўрт нафар спортчимиз гиламга чиқади. Жаҳон чемпионати 13 октябрь куни якунланади.