Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов журналистлар учун навбатдаги брифингни ўтказди.

Тадбир аввалида давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтадаги фаолияти ҳақида қисқача ахборот берилди.

Ўтган ҳафта бошида – 3-4 октябрь кунлари давлат раҳбари расмий ташриф билан Венгрия мамлакатида бўлди.

Ташриф доирасида Будапешт шаҳрида Венгрия Президенти Каталин Новак ва Бош вазири Виктор Орбан билан олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди.

Музокаралар якунида келгусида Будапештда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасини очиш юзасидан келишувга эришилди.

Ташриф доирасида Президентимиз Будапешт шаҳрида Венгриянинг етакчи компания ва корпорациялари ҳамда банкларининг раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Венгрияга амалга оширилган расмий ташриф жуда самарали ва сермаҳсул бўлди. Унинг якуни бўйича стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот ва 14 та ҳужжат имзоланди.

6 октябрь куни Президентимиз аграр соҳа ва қишлоқ жойларида ривожланаётган ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

7 октябрь куни Президентимиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг норасмий саммитида иштирок этиш учун Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрига ташриф буюрди. Тадбирда кўп томонлама ҳамкорлик ва минтақавий шерикликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ҳамдўстлик Давлат раҳбарлари кенгашининг мазкур ҳафта Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги мажлиси кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.

Якунланган ҳафтада Президентимизнинг Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентини 70 йиллик юбилейи билан билан қутлади

Брифингда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокида жорий ҳафтада кутилаётган муҳим тадбирлар ҳақида журналистларга маълумот берилди.

Бошланган ҳафтамизда ҳам давлат раҳбарининг иш жадвалларидан аввалги ҳафтадагидек ҳам ички, ҳам ташқи сиёсий масалаларда қатор тадбир, учрашув ва ташрифлар ўрин олган.

11 октябрь куни давлат раҳбари мамлакатимизга ташриф билан келган Татарстон Республикаси раҳбари Рустам Миннихановни қабул қилади. Унда ҳудудлараро ҳамкорликни янги мазмун ва аниқ лойиҳалар билан ривожлантириш ҳамда амалга оширилаётган ҳамкорликдаги қўшма дастурларни янада жадаллаштириш масалаларининг муҳокамаси кўзда тутилган.

Шунингдек, 12-14 октябрь кунлари Президентимиз Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чоралари бўйича кенгаш йиғилиши, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ҳамда “Марказий Осиё – Россия” саммитида иштирок этиш учун Қозоғистон Республикасига ташриф буюради.

Ташриф кун тартибида хорижий давлатлар, шу жумладан, Вьетнам Социалистик Республикаси вице-президенти Во Тхи Ань Суан, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ҳафта давомида Президентимизнинг мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий ривожига бағишланган қатор йиғилишлар ўтказиши режалаштирилган.

Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА