Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида 2006 йилда туғилган, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилгани учун жавобгарликка тортилган ўспирин йигит Бухорода яна жиноят содир этди.

Гап ёш авлод тарбияси ҳақида кетганда негадир ҳар гал Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот ё ҳалокат масаласидир” деган фикрлари хаёлимга келади. Нақадар доно фикр. Ҳақиқатан ҳам тарбия инсоннинг бутун ҳаёт йўлини белгилаб беради.

Мансур (исми ўзгартирилган) атиги 16 ёшли ўсмир йигит. Уни шу ёшида бир эмас бир неча маротаба жиноятга қўл уришида ҳам оиласида олган тарбияси ёки тарбиянинг етмагани сабаб бўлганига ҳам шубҳа йўқ. 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилгани учун жавобгарликка тортилган йигитчанинг ёшлиги инобатга олиниб имкон берилган, тўғри йўлни танлашига ишонч билдирилган эди. Бироқ йигитча бундан тўғри хулоса чиқармаган шекилли яна жиноятга қўл урди.

У 2022 йил 26 июль куни Бухоро шаҳри Мустақиллик кўчасидаги автомобилларни ювиш шохобчасида оғзаки келишув асосида ишга киради. “Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас” деганларидек, у 2022 йилнинг 3 август куни кечаси соат тахминан 01:30 ларда шохобчанинг кунлик даромади сақланадиган хонага дераза орқали киради. Хонадаги темир сейфдан фуқароларга тегишли 1 миллион сўм пул ва 200 АҚШ долларни яширин равишда талон-торож қилади. Шунингдек, у ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ғаразли ва бошқа паст ниятларда қасддан жиноят содир қилиш йўлига киради. Ўзи ишлаб келаётган МЧЖ га қарашли автомобилларни ювиш шохобчаси олдидаги майдонда қаровсиз қолдирилган, жамият раҳбарига тегишли “Матиз” русумли автомашинани олиб қочишни режалаштиради. Ўзининг жиноий режасига асосан, автомашина калитини мижозлар кутишга мўлжалланган хонадан ғайриқонуний равишда қўлга киритиб, автомашинани бошқаришга ҳеч қандай ҳуқуқи бўлмагани ҳолда, калит ёрдамида автомашинани очиб, автомашинани ўт олдиради. Қонунга хилоф равишда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрига бошқариб кетиб, транспорт воситасини олиб қочиш жиноятини содир этади.

Шундай қилиб вояга етмаган ушбу фуқаро ўзининг қасддан содир қилган жиноий ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди ва 267-моддаси 1-қисмларида кўрсатилган жиноятларни содир этади.

Айни пайтда Мансур содир этган жиноятлар бўйича тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА