Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида республикамизда хотин-қизларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси томонидан ўтказилаётган танловларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, томорқа ерларидан унумли фойдаланишга кўмаклашиш, ўзини-ўзи банд қилиш, кредитлар ажратиш, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга моддий ёрдамлар кўрсатиш, уларни уй-жой билан таъминлаш каби кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шунингдек, қарамоғида бир нафар ва ундан кўп биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз оналар, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизлар қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бу хайрли ишларни амалга оширишда намунали ва мунтазам иш олиб борган масъул ходимларни тақдирлаб бориш йўлга қўйилди. Аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш яна шундай оилаларга моддий ва беғараз ёрдам кўрсатиш, шунингдек, юртимизда гендер сиёсати ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда хотин-қизларнинг ролини оширишда ишларни намунали ташкиллаштирган корхоналар аёл раҳбарларини тақдирлаш ва иш берувчиларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида “Энг намунали иш берувчи аёл” танлови ўтказилади.

Ҳудудлари обод ва тинч бўлган фуқаролар йиғинларининг раислари ўртасида “Энг яхши маҳалла раиси”, муаммоларини “маҳаллабай”, “хонадонбай” ўрганиш, уларни ҳал этишга кўмаклашиш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва масъул идоралар ёки ташкилотлар ўртасида шерикликни мустаҳкамлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Энг яхши сектор раиси” кўрик-танлови ташкиллаштирилади. Шунингдек, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” танловлари йўлга қўйилган.

Танловларнинг шаҳар ва туман босқичлари июль-август ойларида ўтказилди. Сўнг ғолиблар тантанали равишда рағбатлантирилди. Ғолибларга диплом ва пул мукофотлари топширилди. Танловда биринчи ўринни эгаллаганлар финал босқичга йўлланма олди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси А.Оринбаев иштирок этди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА