Аҳоли фаровонлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Бироқ, бу борадаги ҳуқуқлар тарқоқ ҳолда экани, шу билан бирга, нормаларнинг ўзаро бир-бирига номувофиқлиги соҳани тартибга солишда ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Шу сабабли фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Сенат ялпи мажлисида “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида сенаторлар юқоридаги каби фикрларни билдирди.

Қонун ана шу муаммоларни бартарф этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Унда кўчмас мулкнинг турлари, уларга бўлган ҳуқуқлар ҳамда чекловлар, давлат рўйхатидан ўтказиш кетма-кетлиги, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва рад этиш, келиб чиқадиган низоларни судгача тартибда ҳал қилиш ва бошқа соҳага оид барча муносабатлар ҳуқуқий ечими кўрсатилган.

– Давлат рўйхатидан ўтказишнинг аниқ жараёни ва муддатлари белгиланмагани айрим муаммоларни келтириб чиқараётган эди, – деди сенатор Рустам Холмуродов. – Кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда кўчмас мулк ҳақидаги ахборотларни тегишли органларга тақдим этиш тартибларининг мавжуд эмаслиги, кўчмас мулклар ягона давлат реестрининг йўқлиги, энг асосийси, бино-иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги ягона қонуннинг қабул қилинмагани бугунги кун талабига жавоб бермайди. Эндиликда бу масалалар қонун билан тартибга солинаётгани кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ҳимояланишига ижобий таъсирини кўрсатади.

Сенат раиси Танзила Норбоева кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат томонидан кафолатланишининг қонуний асослари янада кучаяётганини алоҳида таъкидлади. Бу аҳоли ва тадбиркорларнинг кўчмас мулкка  бўлган муносабати, интилиши ҳамда саъй-ҳаракатлари фаоллашишига, ишбилармонлик муҳити яхшиланишига энг муҳими, бу борада давлатга бўлган ишонч янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Қонун фуқаролар ва тадбиркорларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, муҳими, тўғридан-тўғри таъсир этувчи ҳуқуқий ҳужжатдир. Кўчмас мулк билан боғлиқ низоларнинг судгача ҳал этилиши, хусусий мулкка бўлган муносабат ўзгариши, қолаверса, иқтисодиётга инвестициялар жалб қилинишига ва барқарор ривожланишига замин яратади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Н.Абдураимова,  
ЎзА