Айни пайтда Италиянинг Катания шаҳрида Жаҳон ҳайвонлар соғлигини сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий комиссияси ўттизинчи конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот хизмати хабар берди.

Унда Ўзбекистон делегати – Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаров конференция ҳамраиси этиб сайланди ва халқаро анжуманга раислик қилмоқда.

Анжуманда халқаро миқёсда ветеринария соҳасига қаратилаётган эътибор, ҳайвондан одамга юқадиган касалликлар профилактикаси, қушлар миграцияси давомида кенг тарқаладиган касалликларнинг олдини олиш, бу борада дунё давлатлари ҳамжиҳатликда курашиши масалалари муҳокама қилинмоқда.

Таъкидлаш керак, мамлакатимизда сўнгги беш йилликда ветеринария соҳасида олиб борилган туб ислоҳотлар самараси ўлароқ, мазкур тадбирда эпизоотик барқарорликни сақлашда Ўзбекистон тажрибаси юқори баҳоланиб, анжуманга мамлакатимиз делегати ҳамраис этиб сайланди.

Конференция доирасида юртимиз делегацияси томонидан икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилмоқда. Жумладан, Жаҳон ҳайвонлар соғлигини сақлаш ташкилоти Бош директори Моника Элуа, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Халқаро озиқ-овқат ташкилоти раҳбари ва Европа Иттифоқи вакиллари хамда Италия, Чехия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Германия, Озарбайжон вакиллари билан икки томонлама учрашув ва музокаралар олиб борилди.

 

ЎзА